Ҳар бири бир килограмм ва ундан ортиқ тош босадиган олмаларни кўрганмисиз?
Гектаридан 100 тонна, йилига икки марта ҳосил берадиган узум навини ҳамма ҳам томорқасида етиштиришни истайди, албатта. Ёки ҳар бири бир килограмм ва ундан ортиқ тош босадиган олмаларни дарахтдан узиб олиш, мириқиб истеъмол қилиш кимга ёқмайди.
Бу таърифларни бежиз келтирмадик. Ҳадемай, юртимизда ана шундай узумзор ва боғлар яратилиши мумкин. Бунга сабаб куни кеча Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан бир гуруҳ вакиллар Хитойнинг Шандунь провенциясида бўлиб, экинлар етиштиришнинг энг илғор усуллари билан танишиб қайтди.
– Анжирзорда жуда қизиқарли маълумотларга эга бўлдик, – дейди Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қошидаги қишлоқ ва бизнес учун маслаҳат маркази директор ўринбосари Хуршид Болтаев. – Ҳар сотих ерда 50 дона кўчат экилиб, 500 килограмм ҳосил олинар экан. Бизни ҳайратга солгани, улар ҳар туп анжирдан узоғи билан саккиз ой фойдаланар экан. Ҳар бир кўчат январдан июнгача қайта-қайта гуллаб ҳосил бераверар экан. Сўнгра уни шохлари кесилади ва тупидан ўсиб чиққан янги шохлар 200 кундан кейин яна ҳосилга киради. Агарда буни биз ҳам амалиётга татбиқ этсак, маҳаллий ва хорижий бозорни бемалол эгаллай оламиз. Даромад ҳам кўпайган бўларди.
Аслида ҳам кўпчилик Хитой қишлоқ хўжалигида улкан ютуқларга эришган давлатлардан бири эканини яхши билади. Юртимиздан борган бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимлари ана шу илғор тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга жорий этишда ўз ҳиссаларини қўшмоқчи.
Делегация вакиллари Хитойда қуёш нури билан иситиладиган иссиқхоналарни қуриш, уларни юритиш ва самарадорлигини ўрганиш билан бир қаторда кўчат етиштириш борасида ҳам янги тажрибалар ўрганишди.
– Биз борган кўчатчилик хўжаликларидан бирида кейинги 20 йилда иссиқхонага мўлжалланган помидор ва бодрингни 150 хил нави яратилган экан, – дейди Х. Болтаев. – Уларда ошқовоққа пайванд қилинган 120 миллион дона кўчат бор экан. Сабаби, ошқовоқнинг илдизи чидамли ва озуқани яхши ўзлаштиради. Бу йўналишда ўзимизда ҳам бир қатор изланишлар мавжуд эди. Аммо, Хитойда тўлиқ ишлаб чиқилган экан.
Сайёра ШОЕВА,
ЎзА