Расул Кушербаев: “Илгари сураётган ғояларимиз билан бажараётган ишимиз бир бўлсин”

Расул Кушербаев: “Илгари сураётган ғояларимиз билан бажараётган ишимиз бир бўлсин”

O‘zLiDeP съездида ўтган беш йиллик сарҳисобини қилдик, кейинги беш йилликда бажарилиши мўлжалланаётган ишлар тўғрисида делегатлар билан фикр алмашдик. Партиямиз раҳбари сайловолди дастуримизда баён қилинган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Бу мақсадларимиз ҳар томонлама пухта ўйланган, электоратимиз вакиллари таклиф-истаклари асосида шаклланган. Сайловолди платформасига киритилиши мўлжалланаётган бир неча вазифа муҳокамасида ўзим ҳам бевосита қатнашганман, қизғин баҳсларга киришганман. Сайловолди платформамиз аввалгиларидан жудаям халқчиллиги, бугунги кунда одамларни ўйлантираётган масалалар акс этганлиги билан ажралиб турибди. Шу билан бирга яна қандай масалаларга диққат қаратишимиз, партия куч ва имкониятларини уларнинг ечимига йўналтиришимиз талаб қилинмоқда? Тадбиркорларни ташвишлантираётган, мамлакат инвестицион жозибадорлигига раҳна солаётган бир қанча муаммоларни ҳал қилишни зиммамизга олишимиз даркор. Айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Афсуски, шу каби муаммолар қонунчилигимизда тўла ечим топганига, Президентимиз ташаббуси билан тегишли меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганига қарамай, жойлардаги мутасаддилар психологиясида ўзгариш бўлмаяпти. Бинобарин, айрим мансабдорлар дунёқарашини ўзгартиришдек оғир ишга ҳам партия қўл уриши керак, деб ўйлайман. Яқинда Туркиядаги элчимиз туркиялик ишбилармонлар Ўзбекистонга инвестиция киритишга иккиланаётганини тилга олди. Гап шундаки, мазкур ўлкага борган баъзи ҳокимларимиз, амалдорларимиз шу ерлик ишбилармонлар билан суҳбатлар чоғида “Ўзбекистонга бораверинглар, хоҳлаган жойингизни танланг, керак бўлса, у ердаги объектларни бузиб ташлаб, сизга бераман”, деган гапларни айтишган. Туркиялик бизнесменлар эса “Эҳтимол, 3-4 йилдан кейин биз тиклаган иншоотларни ҳам бузиб, бошқаларга берарсизлар, қани бу ерда қонун устуворлиги?!” дея ҳақли савол беришган. Афсуски, ана шундай йўсинда фикрлайдиган мутасаддилар битта-иккитагина эмас.  Ҳақиқат шуки, инвестор қонун устувор бўлган юртга боради, битта шахс “ўзим хон, кўланкам майдон” қабилида яккаҳукмронлик қилаётган жойга эмас. Қонунлар устуворлигига эришишнинг ягона йўли эса жамоатчилик куч-қудратидан самарали фойдаланишдир. Бир депутат ёки фаолнинг жойлардаги шу каби иллатларга қарши чиқиши ҳеч қандай наф бермайди, очиғини айтганда, уни ҳоким “синдириб” ташлайди. Жамоатчилик, партия уни қўллаши, ҳар қандай вазиятда ёнида туриши керак. Аъзоларимиз 755 мингга яқин, деяпмиз. Бу яхши, албатта. Лекин шу улкан салоҳиятни қачон ишга соламиз?

Хуллас, маслакдошларга айтадиганим шуки, гапимиз, илгари сураётган ғояларимиз билан бажараётган ишимиз бир бўлсин. Шундагина одамлар бизга ишонади, ортимиздан эргашади.               

Расул КУШЕРБАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

http://uzlidep.uz/news-of-party/5323

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram