«Нон ишлаб чиқарувчилар ҳали тўла қувват билан ишламаяпти». Мутахассислар нарх билан боғлиқ вазиятга изоҳ беришди
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган энг катта мавзулардан бири бу «буханка» нон нархи ошиши бўлди. Дастлаб, буғдой, ун ва нон маҳсулотлари нархи бозор тамойилларига асосан эркин қўйиб юборилиши эълон қилинганда ҳисобга-китобларга кўра нон нархи 1500 сўм атрофида бўлиши билдирилганди. Аммо тахминлар ўзини оқламади ва «буханка» баҳоси яна кўтарила бошлади. Бу ҳолатнинг сабабларини ўрганиш, кўзда тутилаётган чора-тадбирлар билан танишиш мақсадида таҳририятимизга соҳа экспертларини таклиф қилдик.
Суҳбатдошларимиз Молия вазирлиги агросаноат мажмуаси молияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Мирзаев ва Давлат статистика қўмитаси нархлар статитистикаси бошқармаси бошлиғи Мухтор Умаров бўлишди.
– Буханка нон нархининг бу қадар кескин ошишига нима сабаб бўлди? Ахир режа бўйича нарх 1450-1500 сўм атрофида тўхташи керак эдику?
Тўлқин Мирзаев: – Нон нархи ошгани рост, аммо 2000-2500 сўмга чиқиб кетди, деган гапларга қўшилмайман. Нархнинг ўртача диапазони 1600-1700 сўм атрофида турибди. Бу ҳам барибир прогнозларга нисбатан баланд нарх. Бундай вазият юзага келишига бир неча омиллар сабаб бўлди:
1. Энг асосийси, ҳали нон ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳақиқий рақобат муҳити шаклланиб улгурмади, ишлаб чиқарувчиларнинг норасмий тарзда ҳудудий бўлиниши (бир ишлаб чиқарувчи чекланган жойга маҳсулот бериши) давом этяпти;
2. Нон ишлаб чиқарувчилар ўз қувватининг 50 фоизидан ортиқроғидан фойдаланишяпти, бу жиҳатдан эскича тартибда ишлашяпти, сабаби, уларга олдин ун чекланган миқдорда берилган, истасалар ҳам тўла қувват билан ишлай олишмаган. Уларнинг эркин тамойилларга ўтиши, маҳсулот ҳажмини ошириши ва янги бозорлар излаши учун вақт керак. Ҳозир шу ўтиш даври нархга таъсир қилди;
3. Мавсумий омил: агар нон нархи эркинлаштирилиши буғдой ўрими мавсумига тўғри келганида, балки биз нарх ошишини сезмасдик ҳам. Аммо биламизки, куз-қиш мавсумида нон истеъмоли ошади, талаб кўпаяди. Бундан ташқари, нарх либераллаштирилуви пахта терими даврига тўғри келиб қолди. Бу мавсумда эса айнан буханка нонга талаб кескин ошади;
4. Ун маҳсулотлари баҳоси эркинлаштирилиши арафасидаги кўпчилик ишлаб чиқарувчилар хавотирлар билан унни захира қилиб олишганди. Яъни, имтиёзли нархда кўп миқдорда харид қилиб қўйишганди. Улар маълум муддат ўша захираларини ишлатишди, нон нархи барқарор турди. Имтиёз билан олинган унни тугатишди ва реал нархларда харид бошлашди. Ўшанда янги нархларга дуч келиб, ўзлари ҳам нон баҳосини захираси билан ошириб юборишди.
Мана шу асосий ва бошқа кичик омиллар нон нархи мўлжалга нисбатан кўпроқ ошишига сабаб бўлди. Ҳолбуки ноннинг асосий хом ашёси бўлган ун бўйича захираларимиз етарли, ҳатто 2-3 ойлик ортиғи билан бор. Яъни келгуси йил ўрим мавсумидан кейинги икки ойга етадиган захирамиз ғамланган. Ўтиш давридаги нарх ўйнашидан хавотирланишга ўрин йўқ, ҳаммаси изига тушиб кетади.
Мухтор Умаров: – Тўлқин аканинг фикрларига қўшиламан. Ўзбекистоннинг бутун ҳудудларидаги нархлар мунтазам мониторинг қилиб бориляпти. Бирламчи зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ичида энг катта тезликда ошаётгани нон нархи эканлиги аниқ. Лекин бу ерда бир жиҳатни унутмаслик лозим – нон нархи жуда узоқ вақт сунъий тарзда пасайтириб келинган. Ҳатто 2-3 йил давомида 650 сўм даржасида сақланган, бу пайт оралиғида маошлар, даромадлар ва бошқа маҳсулотлар нархлари анча ошган.
Энди энг муҳим жиҳати, нон нархи ҳозирги кунда ҳам аксарият жойларда 1500-1700 сўм оралиғида турибди. Бир-икки локал ҳолатлар, яъни маълум вақт оралиғида кичик дўконларда сотилган нархлар ноннинг умумий баҳосини белгилай олмайди. Республикамиз ҳудудидаги 200дан ортиқ ҳудудларда – туман ва шаҳарларнинг марказий бозорлари, супермаркетларидаги нархлар барқарор. Аммо кичик дўконлар баъзан иккинчи қўл бўлади, яъни бевосита ишлаб чиқарувчидан олмайди, кейин оз миқдорда сотади, нони камаяётган пайтда нархни оширади. Мана шундай пайтда қисқа муддатли, кескин ошиш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Бироқ бу ҳолатлар умумий маҳсулот ҳажмининг жуда оз қисмигина юқори нархда таклиф қилинганини англатади, холос.
Яна бир жиҳатни унутмаслигимиз шарт – гап давлат стандарти асосида, биринчи нав ундан ишлаб чиқарилган қолипли буханка нарх тўғрисида кетмоқда. Кўп ҳолларда истеъмолчилар бу нонни олий нав ундан ишланган оқ нон билан адаштиришади. Аслида нисбатан қиммат буханка нонлар олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор.
Тўлқин Мирзаев: – Бир қўшимча қилсам – Сурхондарё вилоятидан хабар келганди, унда нон жуда баланд нархда сотилаётгани айтилди. Биз бевосита бориб ўргандик. Маълум бўлишича, ишлаб чиқарувчи тадбиркор буханка нон вазнини 1 кг қилиб ишлаб чиқараётган экан. Яъни оддий нонга нисбатан деярли икки баробар оғир. Тадбиркор аксинча истеъмолчиларга арзон нарх таклиф қилаётгани аён бўлди. Мухторжоннинг фикрига қўшилган ҳолда буханка ноннинг ҳам турлари кўплигини эслатиб қўймоқчиман.
Қизиқарли маълумот: «Ўзстандарт» агентлиги томонидан «буханка» ишлаб чиқариш истагидаги тадбиркорга бир қанча талаблар қўйилади. Ишлаб чиқариш учун махсус цех ташкил этиш, буғдой уни, туз, хамиртуруш, ўсимлик мойини сақлаш, хамир қориш, ишлаб чиқариш — бижғиш ёки хамирни етилтириш жараёни, уни бўлиш, пишириш учун алоҳида ва махсус хоналар, тайёр маҳсулотни сақлаш учун омборхона бўлиши лозим. Давлат стандарти асосида ишлаб чиқарилувчи «буханка» нон биринчи нав ундан бўлиши ва вазни 600 граммни ташкил қилиши керак. Вазндаги ўзгаришлар 3 фоизгача бўлиши мумкин, яъни сақланиш муддатига кўра 582-618 граммгача бўлган «буханка» стандарт талабларига жавоб беради.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.