Ҳукумат пахта бўйича янги қарор қабул қилади
Фото: KUN.UZ
Вазирлар Маҳкамасининг “Ингичка толали пахта навлари етиштиришни самарали ташкил қилиш, янги навларни кўпайтириш ва рағбатлантириш механизмини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Хўжаев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (Ҳайитов), “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти (Мақсудов) ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси (Ҳайдаров) республикада юқори самарадорликка эга бўлган ингичка толали ғўза навларининг экин майдонларини кенгайтириш ҳамда селекция, уруғчилик ва етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш борасидаги илмий-техник салоҳиятини ривожлантириш орқали пахта хом-ашёсини ишлаб чиқарувчи пахта тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари манфаатдорлигини ошириш борасидаги ишларни кучайтириши белгилаб қўйилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда 2020 йил ҳосили учун ингичка толали пахта хомашёси етиштиришга сарфланадиган ҳақиқий харажатларни ҳисобга олган ҳолда 2020 йил 1 февралга қадар бир тонна пахта хомашёсининг кафолатланган нархларини белгилаш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Қўчқоров), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Хўжаев):
ингичка толали ғўза навлари толасининг I-А, I-Б, I ва II-типлари бўйича ҳамда пахта хом-ашёсининг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача харид нархномасини тасдиқлайди ва 2019 йил ҳосилидан бошлаб якуний ҳисоб-китобни амалга оширади;
ингичка толали ғўза навлари бўйича фаолият олиб борадиган дастлабки ва элита уруғчилик хўжаликларининг молиявий манфаатдорлигини ошириш мақсадида оригинал уруғлар учун тўланадиган устама маблағларни беш бараварга ошириш белгилаб қўйилади;
Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтида “Ингичка толали ғўза навлари генетикаси, селекцияси, уруғчилиги ва агротехнологияси” лабораторияси тузилмасига ўзгартиришлар киритилган ҳолда қайта ташкил этилиб, уни бюджет маблағлари ҳисобидан ўрнатилган тартибда молиялаштириш йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Хўжаев), “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси (Ҳайдаров), “Ўзпахтасаноат” АЖ (Мақсудов) 2020 йил ҳосилидан бошлаб:
истиқболли нав сифатида экиб келинаётган ингичка толали ғўза навларининг ишлаб чиқаришдаги кўрсаткичлари ҳамда тола сифатидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритиш бўйича таклифлари маъқулланади;
Сурхондарё вилоятида 40 минг гектар майдонда ингичка толали ғўза навларини илмий асосланган ҳолда жойлаштириш бўйича таклифи маъқулланади;
республикада ингичка толали ғўза навлари майдонини кенгайтириш мақсадида 2020 йил ҳосили учун Қашқадарё вилоятида 6 минг 500 гектар, Бухоро вилоятида 5 минг гектар ва Навоий вилоятида бир минг гектар майдонга жойлаштириб, кенг ишлаб чиқариш синови олиб борилади;
ички эҳтиёжлар ҳамда экспорт учун уруғларни етиштириш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва нав оригинаторлари ўртасида тузилган эксклюзив бўлмаган бош лицензион шартномалар асосида марказ ва субъектлар билан эксклюзив бўлмаган сублицензион шартномалар тузиш ҳамда олдиндан тўлов орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилади;
пахта тўқимачилик кластерлари билан нав оригинаторлари ўртасида ингичка толали ғўза навлари, селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари бўйича илмий-амалий ҳамкорликни молиялаштириш узоқ муддатли келишув шартномалари асосида йўлга қўйилади;
давлат реестрига киритилган ингичка толали ғўза навлари уруғларини кўпайтириш билан шуғулланувчи элита уруғчилик хўжаликлари фаолиятини самарали ташкил этиш ва замонавий жиҳозлар билан модернизация қилиш;
янги ингичка толали ғўза навлари селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш борасидаги ишларни кучайтириш мақсадида нав оригинаторлари тасарруфидаги дастлабки элита уруғчилик хўжаликлари структураси, штатлар жадвали ва молиялаштириш манбалари бўйича таклифлар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Хўжаев) ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази (Номозов)га ингичка толали ғўза навлари уруғчилиги билан боғлиқ ташкилий-услубий фаолиятни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (Абдураҳмонов), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (Йўлдошев) ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази (Холиқов) ингичка толали ғўза навларига бўлган талаблардан келиб чиқиб, ингичка толали ғўза навлари генетикаси, селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари бўйича илмий-тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгиласин ҳамда 2020 йилдан бошлаб грант танловлари асосида ингичка толали ғўза навлари селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялар бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш йўлга қўйилади.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси (Ҳайдаров), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Хўжаев) ва Фанлар академияси (Йўлдошев) ташкил этилган кластерлар билан илмий-тадқиқот институтлари ўртасида қишлоқ хўжалигининг турли тармоқлари бўйича 10 ва ундан ортиқ мутахассислар билан ўзаро илмий ва амалий ҳамкорлик қилиш бўйича тегишли шартномалар тузиш механизмини ишлаб чиқади.
https://kun.uz/news/2019/11/04/hukumat-paxta-boyicha-yangi-qaror-qabul-qiladi