Томорқа еридан самарасиз фойдаланган фуқароларга ер солиғининг 3 баробари миқдори қўлланади

Ўзбекистонда томорқа еридан самарасиз фойдаланганлиги учун хонадон эгасига ер солиғининг уч баробари миқдорини қўллаш амалиёти жорий этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасида айтилган.

Хусусан, Давлат солиқ қўмитаси (Б.Мусаев) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.Хаитов), Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши (Ш.Жавлонов), туман(шаҳар)лар 4 та сектор раҳбарлари билан биргаликда томорқа еридан самарасиз фойдаланганлиги учун хонадон эгасига жорий йил учун ҳисобланган ер солиғининг уч баробари миқдорини қўллаш амалиётини туманлар кесимида таҳлил қилиб, ушбу таъсирчан чораларни кенг миқёсда қўллашни назарда тутади ҳамда зарурат туғилганда қонунчиликка ўзгартириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Ҳусанов), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.Хаитов):

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тизимидаги ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказларида, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги “Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази”да, бошқа ихтисослаштирилган касбга ўқитиш муассасаларида қонунчиликда белгиланган тартибда ишсиз фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш чора тадбирларини ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ишсиз фуқароларга енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун – “Томорқа хизмати” МЧЖ, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 10 бараваригача бўлган миқдорда субсидиялар ажратиш амалиётини кенг жорий этади;

Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (Б.Ашрафхонов), Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши (Ш.Жавлонов) ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси (Э.Боситхонова) биргаликда деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилиши тўғрисида ижтимоий роликлар тайёрлаб, оммавий ахборот воситалари орқали ва жойларга чиққан ҳолда кенг тарғибот ва ташвиқот ишларини мунтазам олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.Вафоев), Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Хўжаев) ва Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги (Ш.Шоаҳмедов) деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ерларини ривожлантириш асосида қишлоқ аҳолисининг даромадларини ошириш учун Жамғармага Жаҳон банки ҳамда бошқа халқаро молия институтларининг кредитлари, заёмлари ва грантларини жалб этиш чораларини кўради.

https://kun.uz/news/2019/10/30/tomorqa-yeridan-samarasiz-foydalangan-fuqarolarga-yer-soligining-3-barobari-miqdori-qollaniladi

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram