Аграр тармоқда инқилобий ҳужжат қабул қилинди

Аграр тармоқда инқилобий ҳужжат қабул қилинди

Унга кўра, халқаро молия институтлари маблағларини жалб этган ҳолда қишлоқларда кам таъминланган аҳоли даромадларини ошириш бўйича концепция ишлаб чиқилди. Яъни қишлоқ хўжалигида ишлаш имконияти ва иштиёқи бўлган 50 нафар инсон бир ҳудудда бирлаштирилиб, кооператив ташкил этилади. 

Уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 15 гектар ер берилади. Бунда ҳар бир аъзога 20 сотих, кооператив иштирокчиси – ҳамкор тадбиркорга 5 гектар ер маҳсулот етиштириш учун ажратиб берилади. Бунда ҳамкор тадбиркор – шу ҳудуддаги илғор фермер ёки қайта ишлаш билан шуғулланаётган тадбиркор бўлиши мумкин. Уларни янада рағбатлантириш учун 5 гектар ер берилади. Шу тариқа ишбилармон 50 ишчининг маҳсулотини сотиб олиш, сақлаш имконига эга бўлади. 

Бу кооперативларнинг вазифалари қандай? Истиқболи нимада кўринади? Бу бордаги дастлабки ишлар ва кутилаётган натижалари ҳақида Ўзбекистон фермерлар, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашининг раиси А.Ҳайитов ЎзА мухбирига ўз мулоҳазаларини баён этди. 

– Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди, – дейди А.Ҳайитов. –Кўплаб вазирликлар ва Жаҳон банки, Европа Иттифоқи делегацияси каби халқаро ташкилотлар экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган стратегияни ҳақиқатан ҳам инқилобий ҳужжат деб аташ мумкин. Соҳада туб бурилиш ясаши кутилаётган мазкур ҳужжатда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, давлат харажатларини босқичма-босқич диверсификация қилиш каби ўнга яқин устувор йўналишлар белгилаб берилган. 

new 4.JPG

 Ажойиб янгилик қишлоқларда кам таъминланган аҳоли даромадларини ошириш бўйича концепция ишлаб чиқилгани. Яъни қишлоқ хўжалигида ишлаш имконияти ва иштиёқи бўлган 50 нафар инсон бирлаштирилиб, кооператив ташкил этилади. Бунда ҳар бир аъзога 20 сотих, кооператив иштирокчиси – ҳамкор тадбиркорга 5 гектар ер маҳсулот етиштириш учун ажратиб берилади. 

Кооперативларни кўллаб-қувватлаш учун инфратузилма яъни электр, йўл ва сув таъминотида маҳаллий бюджетдан кўмак бериш керак бўлади. Биз яқинда Хитойнинг Ганьсу провинциясида бўлиб, уларнинг бу борадаги ишларини кўриб, ўргандик. Уларда ерлар одамларга кичик-кичик тарзда бўлиб берилгани яхши натижа берган. 

Ана шу тажриба асосида биринчи босқичда Фарғона водийсининг ишсизлик даражаси юқори бўлган ва фойдаланилмаётган захирада ерлари мавжуд 22 туманда 31 кооператив тузиш мўлжалланган. Асака, Қўрғонтепа, Улуғнор, Пахтаобод, Бўстон, Поп туманлари шулар сирасидандир. Мазкур тадбирлар учун умумий қиймати 24 миллион долларни ташкил этади. Шундан 15,5 миллион доллари халқаро молия институтлари маблағлари. 

Аниқлик киритиш учун айтиш керакки, кооперативга қишлоқлардаги кам таъминланган аҳоли пай улуши асосида аъзо бўлади. Унга кираётган ишсиз фуқароларга Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 2,23 миллион сўм субсидия берилади. Ёки “ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида имтиёзли тарзда 30 миллион сўмлик кредит ажратилади.

Аъзолар бу пул билан устав жамғармасига киради. Уларга локомотив бўладиган илғор фермер, тадбиркор ёки томорқа хизмат корхонаси 500-900 миллион сўм ёки ундан кўпроқ маблағ билан киради. Бунда локомотив ташкилот инфратузилмаси яратилган манзилдан 5 гектар ерга эга бўлади. Агар самарадорлик яхши бўлса, кейинчалик ерни кенгайтириш мумкин. 

Бу бизга нима беради? дейдиган бўлсак, биринчидан иш ўрни яратилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш сифати яхшиланиб, экспорти ошади. Шунингдек, қишлоқлардаги кам таъминланган аҳолининг даромадларини ошириш доирасида дастлаб, 5 тонна сабзавот, мева ва кўкатларни ювиш ва қуритиш ускуналари, камида 100 тонна сиғимга эга совутгич омборхоналар, енгил конструкцияли иссиқхоналар қурилади. Сабзавотлар, цитрус мевалари ва уларнинг кўчатларини етиштириш учун умумий майдони 0,6 га бўлган 5 та иссиқхона мажмуаси яратилади. 

Айни вақтда бу борадаги ишлар синов тариқасида Попда бошлаб юборилди. 

Сайёра ШОЕВА,ЎзА

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram