Бағдодлик боғбон янги мавсумда Германияга гилос экспорт қилади

Бағдод туманидаги “Аср учқуни” боғдорчилик фермер хўжалигида етиштирилган сархил мевалар Россия Федерацияси ҳамда МДҲ давлатларида сотилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида ҳўл ва қуритилган мева экспортидан олинган даромад 35 минг АҚШ долларидан зиёдроқни ташкил этмоқда.

– Боғимизда, асосан гилос, олма, ўрик ва шафтоли етиштирилади, – дейди хўжалик раҳбари Ойбек Намозов. – Шукр, кам бўлаётганимиз йўқ. Боғдорчиликда инновацион технологияларни, масалан, томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилмоқдамиз. Бу борада муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар фаолиятимизни янада кенгайтиришда қўл келмоқда. Насиб қилса, келгуси йилдан бошлаб бизнинг боғда етиштирилган гилосларни Европа мамлакатлари, хусусан, Германиянинг энг йирик савдо дўконларидан ҳам топса бўлади. Бунинг учун ҳозирданоқ хорижий ҳамкорлар билан дастлабки келишувларга эришганмиз.

Боғбоннинг кузатувича, бу йил гилос ички бозор расталарида 27 апрелдан бошлаб пайдо бўлган ва Бағдод тумани шароитида ҳам бунга эришиш мумкин.

– Одатда, май ойининг иккинчи-учинчи ҳафтасидан бошлаб ҳосилни йиғиштиришни бошлаймиз. Лекин бу вақтда хорижий бозорлар рақобатчилар томонидан батамом эгалланган бўлади. Шунинг учун келгуси йилдан биз ҳам апрелнинг сўнгги ўн кунлигидаёқ гилос экспортини бошлаб юборамиз. Бир неча йиллик шахсий илмий хулосаларим, навлар бўйича назарий билимларим ҳамда амалий тажрибаларим бунга тўлиқ имкон борлигини кўрсатяпти, – дейди боғбон.

Ўтган йили хўжалик тасарруфида 50 тонна сиғимга эга бўлган музлатгичли омбор фойдаланишга топширилди. Пишиқчилик мавсумида бозор эҳтиёжларидан ортган ҳўл ва қуритилган, консерваланган маҳсулотлар ана шу омборда сақланади. Бундан ташқари, хўжалик боғлари жойлашган дашт ҳудудида “Чархпалак” номли дам олиш ва соғломлаштириш маскани бунёд этилмоқдаки, ички туризмни ривожлантиришда бунинг аҳамияти катта.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, жорий йилда 476 нафар бағдодлик боғбон 19 минг тонна олма, гилос, ўрик, шафтоли, олча, гилос, беҳи ҳамда хурмо мева маҳсулотларини етиштирдилар. Шундан  6 минг 855 тоннаси экспортга йўналтирилган.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири

http://www.xs.uz/uzkr/post/bagdodlik-bogbon-yangi-mavsumda-germaniyaga-gilos-eksport-qiladi

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram