Қозоғистонлик тадбиркорлар бизнесини Ўзбекистонга кўчирмоқда – ОАВ
Фото: Павел Лисицын / РИА Новости
Қозоғистоннинг ун ишлаб чиқариш бўйича бир қанча корхоналари Ўзбекистонга кўчиб ўтди. Бу ҳақда 7 сентябрь куни Forbes Қозоғистон хабар берди.
Маълум қилинишича, қозоғистонлик компаниялар Ўзбекистондаги бизнес шароитлар Қозоғистонга қараганда қулайроқ бўлгани туфайли шундай қарорга келган.
Қарағандадаги «Mutlu» ун ишлаб чиқариш компанияси директори Дос-Мукасан Таукебаевнинг Forbes Қозоғистонга берган интервьюсида айтишича, Қозоғистонда ун ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича самарали дастурлар йўқдир.
Унинг сўзларига кўра, тадбиркорлар вагонларни узлуксиз етказиб бериш ва электр энергиясига нархни пасайтириш ҳақидаги сўровларга бефарқ муносабат туфайли ўз бизнесларини Ўзбекистонга ўтказишмоқда.
– Президент Ўзбекистондаги тегирмон компанияларини беш йилга солиқдан озод қилди. Агар бизда ўртача фоиз ставкаси 14 фоиз бўлса, 15 йил давомида Ўзбекистонда 4 фоизлик ставкада кредит беришимиз мумкин. Қозоғистонда электр энергияси нархи 20 тенге, Ўзбекистонда эса 10 тенгега тенг. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ишчи кучи Қозоғистонга қараганда икки баравар арзон, – деди Дос-Мукасан Таукебаев.
«Маълумки, 2007-2010 йилларда Қозоғистон ун экспорти бўйича дунёда етакчи эди, шундан кейин турли сабабларга кўра Туркия етакчиликни қўлга олди. Ҳозир ҳамма нарса Ўзбекистон бизнинг мамлакатимизни иккинчи поғонадан ҳам суриб чиқаришига қараб кетмоқда. Бу шу мавсумдаёқ рўй бериши мумкин», – дея хулоса қилган Forbes Қозоғистон.
https://kun.uz/news/2019/09/09/qozogistonlik-tadbirkorlar-biznesini-ozbekistonga-kochirmoqda-oav