Меҳнатдан бахт топган дала заҳматкашлари
Мамлакатимизда экин ерларидан самарали фойдаланиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқда фуқароларнинг бандлиги ва фаровонлигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда фермер, деҳқон хўжаликлари мавсумий ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари ушбу йўналишдаги фаолиятни ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда. Жумладан, Тошкент вилояти Бўка туманида қишлоқ хўжалиги бўйича олиб борилаётган ишларни кўздан кечирар эканмиз “Ҳайитмирзо Ўктам” фермер хўжалиги раҳбари Ўктам Ҳайитовнинг пахта даласи эътиборимизни ўзига тортди.
Терим мавсуми олдидан фермер пахта даласини дефоляция қилаётгани устидан чиқдик. Жами 105 гектар ер майдонининг 55 гектарида “Келажак” навли чигит қадалган бўлиб, бугунги кунда ҳар бир ғўзада 35-40 дона кўсак ва пахта чаноғи оппоқ очилган. Дала миришкорлари пахта ҳосилини уюшқоқлик билан йиғиб олиш ишларига тайёргарлик кўрмоқда. Айни пайтда бу ерда 12 нафар доимий ва 25 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари, яна 50 теримчини жалб этган ҳолда, ўн-ўн беш кунда ҳосилни нес-нобуд қилмасдан юқори сифатли қилиб териш режалаштирилган.
Теримчиларга яхши шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Бир килограмм пахта учун минг сўмдан ҳақ тўланиши бўйича аҳоли ўртасида фермер хўжалиги ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Фермер хўжалиги раҳбари ўзининг ғалладан бўшаган 50 гектар ерига тўлиқ такрорий экинлар (мош, ловия) эккан. Кузги ҳосилдан умиди катта.
Ў.Ҳайитов билан суҳбатлашганимизда 2018 йил пахта режасини 92 фоизга бажариб 30 центнердан ҳосил олганини таъкидлади. Бунинг асосий сабаби ёз мавсумида сув ва ўғит танқислиги, кўсак қуртига қарши кураша олмаган. Жорий йилда ҳосил чўғи 110 фоиздан кам бўлмаслигини, камида 35 центнердан ҳосил олишни ғурур билан гапирди.
У каби соҳада кўп йиллардан буён чиниққан, меҳнатнинг оғир-енгилини кўрган инсонлар саъй-ҳаракатлари барчамизни қувонтиради.
Вафо Латипов,
Ўзбекистон фермер,деҳқон хўжаликлари ватоморқа ер эгалари кенгашибош мутаххассиси.
http://uza.uz/oz/society/me-natdan-bakht-topgan-dala-za-matkashlari-08-09-2019?sphrase_id=1794648