Боғбонларнинг харажати қоплаб берилади
1-сентябрга қадар ва 2020 йилдан бошлаб ҳар йили 1 майга қадар мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича аниқ рўйхати шакллантирилади.
Бу вазифа билан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари шуғулланади.
Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида алоҳида белгилаб берилган.
– Айни вақтда замонавий ресурс тежамкор технологияларни, шу жумладан томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини қўллаш, интенсив боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликлари майдонларини кенгайтириш чораси кўрилмоқда, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Обил Сафаров. – Шунингдек, бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда, мева маҳсулотларини турини кўпайтирилмоқда. Бу юмушларни бажариш жараёнида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш тавсия этилмоқда. Бунда деҳқонларни сув тежовчи технологияларни жорий қилишга сарфлаган харажатлари давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Демак, мулкдор мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар жорий йилда ва ундан кейинги йилларда томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғориш технологиясидан фойдаланишни йўлга қўйса, улар моддий қўллаб-қувватланади. Бунда бир гектар учун бир марта 6 миллион сўм, майдони 35 гектардан зиёд боғларда сув чиқариш учун бурғуланган қудуқ, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш учун насос станциясини қуришга сарфланган 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдордаги харажатлари қоплаб берилади.
http://uza.uz/oz/society/bo-bonlarning-kharazhati-oplab-beriladi-23-08-2019