Жиззахда ДХШ асосида уруғчилик кластери ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамасининг “Жиззах вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик кластерини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва Жиззах вилояти ҳокимлигининг Жиззах вилояти Пахтакор туманида ташкил этилган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Sеmrug Claster” корхонаси фаолиятини давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик кластери сифатида йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Бунда Марказ давлат шериги сифатида, “Sеmrug Claster” масъулияти чекланган жамияти хусусий шерик сифатида иштирок этиши белгилаб қўйилади.
Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Семурғ” ва “Кузги хирмон” кўп тармоқли фермер хўжаликларининг ушбу фермер хўжаликларига ижарага берилган 216 гектар ер майдонларини “Sеmrug Claster” масъулияти чекланган жамиятига уруғчилик кластерини юритиш учун ижара асосида ажратиб бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Белгиланишича, уруғчилик кластери учун ажратилган ер участкаларидан оқилона фойдаланилмаганда ёхуд тупроқ унумдорлигининг пасайиши, кимёвий ва радиоактив ифлосланиши, атроф-муҳитнинг бузилиши, республика ҳудудига карантин объектларининг кириб келиши ва тарқалишига олиб келинганда, шунингдек, амалдаги қонунчилик талаблари бажарилмаган тақдирда ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бекор қилинади.
“Ўзпахтасаноат” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2019 йил учун пахта хомашёси ҳосили учун “Семурғ” ва “Кузги хирмон” кўп тармоқли фермер хўжаликлари билан “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимидаги пахта тозалаш корхонаси ўртасида тузилган контрактация шартномаларини бекор қилиб, фермер хўжаликларида экилган уруғлик пахта хом-ашёсини қабул қилиш бўйича “Sеmrug Claster”масъулияти чекланган жамияти билан шартномаларни Online тизими асосида расмийлаштирилишини ҳамда хом ашёни белгиланган тартибда қабул қилинишини таъминлайди.
“Sеmrug Claster” масъулияти чекланган жамият Марказ билан ҳамкорликда:
ўсимликларнинг маҳаллий ва хорижий навларини жойлаштириш, илмий асосланган тарзда алмашлаб экиш, ўз маҳсулотларини сотиш, экспорт қилишни қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этади;
2019 йил ҳосилидан қабул қилинган пахта хом ашёсини қайта ишлаб, сифатли уруғлик чигит тайёрлаш ва пахта етиштирувчи хўжаликларга етказиб берилишини таъминлайди;
2020 йил ҳосилидан бошлаб уруғлик пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлаш жараёнлари тўлиқ циклини қамраб олинишини таъминлайди.
Фермер хўжаликлари учун назарда тутилган шартларда давлат эҳтиёжи учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга ажратиладиган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, шунингдек лизинг бўйича қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа моддий ресурсларни етказиб бериш тартиб-қоидалари татбиқ этилади.
Жиззах вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Респyбликаси Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда “Sеmrug Claster” масъулияти чекланган жамиятига ажратилган ер майдонларининг ирригация ва мелиорация тармоқларини техник ҳолатидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширади.
Ўзбекистон Респyбликаси Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги “Sеmrug Claster” масъулияти чекланган жамиятига қўшимча инвестициялар киритиш мақсадида имтиёзли, узоқ муддатли кредит ва грант маблағларини жалб этиш чораларини кўради.
https://kun.uz/news/2019/08/23/jizzaxda-dxsh-asosida-urugchilik-klasteri-tashkil-etiladi