Ерни хусусийлаштириш бизга нима беради?
Эндиликда Ўзбекистон фуқаролари ўзларининг уйлари, корхоналари ва бошқа мулклари жойлашган ерни хусусийлаштириб олиш имконига эга бўлдилар.
Куни кеча қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун, қўрқмай айтиш мумкинки, тарихий ҳужжат бўлди. Чунки шу пайтгача бизда ер давлатники, ҳаммамиз ундан у ёки бу тарзда фойдаланувчи эдик, холос.
Тарихга назар ташласангиз, ўзбекнинг қўлидан ер тортиб олинган колхозлаштириш давридан бери биз ердан фойдаланувчи бўлиб келганмиз. СССРнинг сўнгги йилларида ва Мустақиллик даврида ерни хусусийлаштиришга бир неча марта уриниш бўлган, аммо бу уринишлар турли сабабларга кўра муваффақиятли якунланмаган.
Мана, ниҳоят, ҳукуматнинг бу масаладаги қатъий сиёсати ҳамда ижтимоий-иқтисодий шароит тақозоси билан ерларни хусусий мулк сифатида расмийлаштириш имкони пайдо бўлди.
Бу нима дегани?
Ерни хусусийлаштиришнинг аҳамияти икки муҳим омил орқали намоён бўлади:
1. Маънавий омил. “Эр киши ер сотмайди, ер сотган эр бўмайди”, деган Мирзакаримбой ҳақ эди – ер мулклар орасида энг салмоқлиси ва энг қадрлиси эканини кекса савдогар яхши билган.
“Қайдан билсин от қадрин от минмаган эркаклар” (М.Юсуф) деганларидек, юз йилдан ортиқ ерга эгалик нималигини билмаган миллат бу ҳужжатнинг қадрию аҳамиятини тўлиқ англамаётгандек. Аслида, бу тарих китобларига муҳрланадиган, келгусида ҳужжат қабул қилинган кун “кун тарихи” рукнида биринчи навбатда эсга олинадиган санадир.
Ернинг хусусий мулкка айланиши маънавий томондан фуқарога катта ишонч беради. Хусусий ерга кишининг меҳри бошқача бўлади. Ер эгаси ўзини оёқда маҳкам тургандек ҳис қилади, узоқ келажакка доир режалар тузади ва истиқболини аниқроқ кўра бошлайди.
Қолаверса, айрим катта тўралар томонидан энди “Ер сеники эмас, давлатники” деган иддаолар бўлмайди. Ўз уйингизда ижарада тургандек яшамайсиз.
2. Иқтисодий омил. Ҳеч бир ишлаб чиқариш ерсиз амалга ошмайди, чунки ҳар қандай корхона бир парча ер устига жойлашган бўлади. Ер – худди капитал, энергия, ахборот сингари иқтисодий омил. Олайлик, ишчи кучи арзон, техника қиммат бўлса, тадбиркор қиммат техника сотиб олишдан кўра кўпроқ ишчи ёллашга ҳаракат қилади. Худди шундай, корхонаси қиммат ерда жойлашган бўлса, уни сотиб, ишни арзон ерга кўчиришга ҳаракат қилади, чунки ернинг нархи ҳам маҳсулот таннархига таъсир қилади. Демак, ер хусусийлашса, тадбиркор ҳам, жамият ҳам фойда кўради (шаҳарнинг марказида ишлаб чиқариш корхоналари бўлмайди, масалан).
Ерга ким эгалик қилади? Албатта, ундан кўп фойда олишга қодир бўлган, шу сабабли ер учун бозорда энг юқори нарх бера оладиган шахс. Таъкидлаш жоиз, у пули кўп бўлгани учун ерни қиммат баҳога сотиб олмаяпти (нормал шароитда тадбиркор пулни банкдан кредитга олади, ҳатто шу ерни гаровга қўйиб бўлса ҳам), балки у шу ер участкасида фойдали бизнесни йўлга қўя олишига кўзи етгани учун сотиб оляпти. Демак, ерга эгалик ердан фойдаланувчиларни маконда оқилона, ўз ўрнида жойлаштириш учун туртки бўлади.
Шунингдек, ер хусусий мулкка айлангач, ўз-ўзидан ер бозори пайдо бўлади, худдики бир пайтлар уй-жой хусусийлашгач, уй бозори пайдо бўлганидек. Демак, ернинг ҳақиқий бозор баҳоси шаклланади.
Бундан ташқари ерни гаровга қўйиш, ижарага бериш каби имкониятлар пайдо бўлади, яъни ер иқтисодий муомала объектига айланади.
Оддий фуқаро ҳаётида нима ўзгаради? Биринчи навбатда, унинг хусусий мулки мустаҳкам ҳимояга эга бўлади.
Бугунги “буз-қур” замонида уй-жойларни давлат эҳтиёжи учун олиб қўйиш, обод шаҳарлар ва маҳаллалар қуриш асносида хусусий мулк дахлсизлиги масаласи бирмунча муаммога айлангани сир эмас. Одамлар ернинг эмас, фақат унинг устига қурилган бинонинг мулкдори бўлгани ҳолда, баъзан шу бинонинг ҳам товон пулини ололмай сарсон бўляпти. Шундай шароитда фуқароларнинг мулкини ҳимоя қилиш учун уни мустаҳкам заминга боғлаб қўйиш имкони пайдо бўлди.
Ҳужжатда айтилишича, хусусий ерлар фақат мулкдорнинг розилиги билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин. Агар ер хусусийлаштирилган бўлса, энди бинонинг, мулкнинг компенсациясини тўлабгина, ерни давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш имкони бўлмайди. Бунда ерни мулкдордан сотиб олиш ёки бошқа йўл билан уни рози қилиш керак бўлади. Агар рози қилинмаса, унинг ерини олиб қўйиш мумкин эмас.
Тасаввур қилинг: Ситининг ўртасида битта кулба турибди. Демак, ўша кулба жойлашган ер эгаси ерини сотишни истамаган. Хусусий мулк дахлсизлиги шу бўлади.
Қурби етмаганлар-чи? Айримлар аҳолининг даромадлари паст бўлган шароитда ерни хусусийлаштириш нимага керак, масалан, шаҳар марказида яшовчи пенсионер қариялар ёки кам таъминланган оилалар барибир ўзи яшаб турган ерни хусусийлаштириб ололмайди-ку, дейиши мумкин.
Бир жиҳатдан ҳақли эътироз. Лекин шу сабабни деб ерни хусусийлаштиришнинг аҳамиятини камайтириб кўрсатиш тўғри эмас. Аввало, ерни хусусийлаштириб олиш учун жуда катта маблағ талаб қилинмайди: ҳозирча, бунинг механизми ишлаб чиқилмоқда.
Қолаверса, тасаввур қилинг, бир маҳалладан ҳеч бўлмаса битта фуқаро ўз уйи жойлашган ерни хусусийлаштириб олди. Шунинг ўзи бутун маҳалладаги биноларни ноқонуний бузилишдан ҳимояловчи қўшимча қалқон бўлиши мумкин. Биргина шу фуқаро еримни сотмайман, деб турса, кифоя. Бутун маҳаллани бузиб, битта уйни қолдириб ким “сити” қура олади? Ваҳоланки, ерни хусусийлаштиришга қурби етадиганлар маҳаллада бир неча, ҳатто ўнлаб бўлиши мумкин, айниқса, шаҳар марказида.
Демак, фуқароларда ҳокимият билан можароларда ўз мулкларини ҳимоя қилиш учун яна бир ричаг пайдо бўлди.
Ерлар талон-тарож бўлиб кетмайдими? Йўқ, ундай бўлиши мумкин эмас. Чунки жисмоний ва юридик шахсларга фақат мулки жойлашган ерни хусусийлаштириб олишга рухсат бериляпти. У ҳатто қўшнисининг бир қарич ерини ҳам ўзиники қилиб ололмайди, устида ўзига тегишли бино бўлиши керак.
Коррупция учун янги дарча очилмадими? Ҳокимликлар ерларни хусусийлаштиришни аввал рад этиб, маълум манфаат эвазига кейин розилик бериш ҳоллари учрамайдими, деган хавотир бўлиши мумкин. Бу асоссиз қўрқув. Чунки қонунда ерларни хусусийлаштириш қайси ҳолатларда рад этилиши мумкинлиги аниқ санаб берилган.
Қонунга кўра, ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этишга қуйидагилар асос бўлиши мумкин:
-ер участкаларига нисбатан суд жараёни кетаётган бўлса;
-ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк объектларига нисбатан тақиқ ёки хатлов мавжуд бўлса;
-ариза берилгунига қадар ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, инфратузилма объектларини қуриш тўғрисида ваколатли давлат органлари ҳужжатлари мавжуд бўлса;
-аризада нотўғри, бир-бирига зид бўлган ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланса;
-ер участкаси учун Қонунда белгиланган муддатда ва тўлиқ тўлов қилинмаган бўлса.
Кўриниб турганидек, бу рўйхат узун эмас ва уни истаганча талқин ва татбиқ этиш мумкин эмас.
“Биз ерни аждодлардан меросга олдик деб хато ўйлаймиз, аслида биз уни авлодлардан қарзга олганмиз”, деган эди Антуан де Сент Эксюпери. Ерга оқилона муносабатда бўлиш бизнинг фарзандлар олдидаги бурчимиз. Айниқса, бу ер ўзимизнинг хусусий мулкимиз бўлса. Шу нуқтаи назардан ушбу Қонунни ерга бўлган табиий эгаликни (ва масъулиятни) қонунлаштирувчи ҳужжат деб баҳолаш мумкин.
Шаҳноза Соатова,
Адлия вазирлиги масъул ходими