Ўзбекистонда 3 млн тонна сиғимга эга бўлган йирик агрологистика комплекслари барпо этилади
Жорий йилнинг 7 август куни Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, мамлакатда йилига ўртача 16 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, полиз ва дуккакли маҳсулотлар, 1,5 миллион тоннага яқин гўшт, 10 миллион тоннага яқин сут ишлаб чиқарилса-да, уларни саноат усулида қайта ишлаш даражаси ўртача 15-20 фоизни ташкил қилмоқда. Агрологистика тизими яхши ривожланмаган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва саралаш хизматлари талаб даражасида эмаслиги ҳосилнинг қарийб 30 фоизи исроф бўлишига олиб келмоқда. Етиштирилган маҳсулотларни халқаро стандартларга мос лаборатория текширувидан ўтказишда ҳам муаммолар кўзга ташланади.
Маълумотларга кўра, мамлакатда етиштирилаётган сабзавот маҳсулотларининг бор-йўғи 3-4 фоизи, меванинг 11 фоизи экспорт қилинмоқда. Бу борада ҳали ўрганилиши, жорий этилиши зарур бўлган жиҳатлар бор.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 29 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шу каби муаммоларга тезкор ечим топиш, соҳага янги механизмларни жорий этиш мақсадида қабул қилинди.
Мазкур қарорга асосан 2019–2021 йилларда республиканинг 8 та, яъни Андижон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига 3 млн тонна сиғимга эга бўлган йирик агрологистика комплекслари барпо этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сиғими 360 минг тонна бўлган жами 37 та замонавий агрологистика марказлари ташкил қилинади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича жами 174 та ва озиқ-овқат соҳасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича жами 24 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширилади. Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда мавжуд самарасиз боғлар ўрнида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 36 минг гектар интенсив боғлар ташкил этилади. Бундан ташқари, “Ўзстандарт” агентлигининг республика ҳамда Наманган ва Самарқанд ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари ҳузуридаги синов лабораторияларини тўлиқ модернизация қилиш ва янги ускуналар билан таъминлаш, озиқ-овқат соҳасида 726 та халқаро стандартларни жорий қилиш каби чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Семинарда қишлоқ хўжалигини, инвестиция ва ташқи савдони ривожлантириш, агросаноат тизимидаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан вазирлар ва тегишли ташкилотлар раҳбарлари, халқаро молия муассасаларининг мамлакатдаги вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.