Сирдарё, Навоий, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида ишлар суст бораётгани танқид қилинди
Ҳозирда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқасидаги 305,1 минг гектарда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилмоқда. Ҳозирга қадар 305 минг гектардаги эртаки экинлар ҳисобидан қарийб 5 миллион тонна маҳсулот етиштирилди. Унинг 1 миллион тоннаси ички бозорга, 340,9 минг тоннаси экспортга йўналтирилди.
1 июль ҳолатидаги тезкор маълумотларга кўра, 77 минг 554 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, уларнинг ер майдони ўртача 48,1 гектарни ташкил этмоқда. Уларнинг қарийб 8 мингтаси кўп тармоқли ҳисобланади. Натижада ҳудудларда 25,2 минг иш ўрни яратилди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раёсати йиғилишида ушбу ютуқлар билан бир қаторда мавжуд камчиликлар хусусида ҳам ахборот берилди. Хусусан, Навоий, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида қайта ишлаш лойиҳаларнинг ижроси кечикаётгани, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида кўп тармоқли фермер хўжаликларига дастурда белгиланган кредитларнинг атиги 25-30 фоизи берилгани танқид қилинди.
Шунингдек, кўп тармоқли хўжаликларга кўмак бериш учун онлайн дастур ишлаб чиқилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, саноат ишлаб чиқариш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва фаолиятнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари реестри шакллантирилган. Унга мингга яқин фермер хўжаликлари киритилиб, солиқ кодексида белгиланган имтиёздан фойдаланмоқда.
Бу борада Андижон, Тошкент, Фарғона, Наманган вилоятидаги фермерлар пешқадам бўлса, Сирдарё, Навоий, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятда ишлар суст бажарилган.
Раёсат йиғилишида пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор ижросига ҳам эътибор қаратилди. Жорий йилда 199 та фермер ва кластер корхоналарининг 12 минг 121 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғоришни жорий этиш бўйича манзилли дастур қабул қилинган эди. Бироқ, ҳозирда 192 фермер ва кластер корхоналарида 11 минг 937 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий этиш учун қурилиш ишлари бошланган. Шундан 10 минг 500 гектар майдонда қурилиш ишлари якунланган бўлиб, 9 минг 600 гектар майдонда суғориш ишлари амалга оширилмоқда.
Йиғилишда Навоий, Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари кенгаши раисларига қайта ишлаш лойиҳаларининг ижроси кечикаётганлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида кўп тармоқли фермер хўжаликларига дастурда белгиланган кредитларнинг атиги 25-30 фоизи берилганлиги танқид қилиниб, ушбу ҳудудий кенгаш раисларининг 3-чоракда ҳисоботлари эшитиладиган бўлди. Навоий ва Сирдарё вилоятлари кенгаши раислари кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрини шакллантиришда сусткашликка йўл қўйганлиги сабабли огоҳлантирилди.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/sirdarye-navoiy-samar-and-zhizzakh-va-surkhondarye-viloyatda-05-08-2019