Қашқадарёда фермерлар вакилларига кишан тақилди ва улар автобусга қамаб қўйилди: Гувоҳлар воқеа тафсилотларини ҳикоя қилишди
Қашқадарё вилоятининг Касби туманида «Новот Ниёз» фермер хўжалиги фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг раҳбари, 45-50 йилдан буён чорвачилик билан шуғулланиб келаётган Акрам Новотов бугунги кунда қатор тўсиқларга дуч келмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Чори Кўчаров фермерга нисбатан ўта ҳақоратли муносабатда бўляптики, бу бир фуқарони камситиш, хусумат сақлашга айланиб қолган.
50 даража иссиқда автобусга қамалган фермерлар
Шу кунларда ижтимоий тармоқда Касби тумани фермерлари семинарга деб дала майдонига йиғилгани, кейин уларнинг орасидаги 10дан ортиқ киши ИИБ автобусига солиб олиб кетилгани, бу худди жиноятчиларни ушлашга ўхшаш операцияга ўхшаб кетиши ҳақидаги хабарлар тарқалди.
«Новот Ниёз» фермер хўжалиги раҳбари Акрам Новотов ҳам ушбу семинарга чақирилган, лекин у семинарга ўз ўрнига иш бошқарувчиси Фаррух Дўстмуродовни юборган.
«Менга 14 июль куни собиқ «Қашқадарё» хўжалиги ҳудудида туман ИИБ бошлиғи Чори Кўчаров семинар ўтказиши, унга барча келиши кераклигини маълум қилишди. Ўша кунлари тобим йўқ эди. Аммо шундай бўлса-да кундалик фермерлик ишлари билан банд бўлдим. Семинарга эса ўрнимга иш бошқарувчим Фаррух Дўстмуродовни жўнатдим. Чунки унга ишонаман, мутахассислиги бўйича, қишлоқ хўжалиги соҳасида илми етарли.
Аммо ИИБ бошлиғи «Акромнинг ўзи етиб келсин, агар мазаси бўлмай ётган бўлса, «скорий» машинаси боради. Ўшанда келсин…», деб бақирган. Мен қандай бора олардим ахир? Ўша куни, яъни 14 июль куни ҳаво жуда иссиқ, 50 даражага етган эди. Яна қоқ пешин пайти. Бу атайин уюштирилаётгани маълум эди…», дейди бу ҳақда фермернинг ўзи.
Акром Новотовнинг иш бошқарувчиси Фаррух Дўстмуродов ўша ерда бўлган воқеалар ҳақида гапириб берди.
«Мен «Новот Ниёз» фермер хўжалигининг қонуний иш бошқарувчисиман. Бу бўйича етарли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ўша куни семинарга борганимда туман ИИБ бошлиғи Чори Кўчаров «Сен семинарда қатнашмайсан, фермерни топиб кел, унинг ўзи келсин», деди. Мен унга фермернинг қонуний иш бошқарувчиси эканлигим, барча семинарларда иштирок этиб келишимни айтсам ҳам рози бўлмади. Ўша куни маҳбуслар ташийдиган махсус машина («зековоз») далага олиб келинган экан. Назаримда, фермерларни шу машинага солиб кетиш ниятлари бўлган», дейди у.
Маълумотларга кўра, 14 июль куни далада ўтказилган семинарда 58та фермер хўжалиги раҳбарлари чақирилган. Шундан 3таси – «Ражаббой ота», «Пандирон жилоси» ва «Новот Ниёз» фермер хўжалигидан ҳеч ким бормаган, деб қайд этилган (Аслида «Новот Ниёз» ф/х вакили Фаррух Дўстмуродов семинарга борган). «Жўраев Камолиддин», «Жўраев Элёр», «Қуйили қизи Муйиба», «Муҳаммаджон Шаҳзодович», «Новотов Али Новотович», «Отибоев Тўйчи», «Сардор Шердор», «Тошев Лочин», «Ўткирбек Тошкев», «Ҳусан Ҳамзаевич» ва «Эшқулов Нурбек Ўктамович» фермер хўжаликлари вакиллари автобусга чиқарилиб, туман ИИБга олиб кетилган.
«Жияним видеога олиб, барча маълумотларни ёзиб олаётганини сезган ички ишлар ходимлари кейинчалик уларни оқ автобусга солиб, олиб кетишади. Кўрган гувоҳларнинг айтишича, айрим фермерларнинг қўлига кишан тақилган. Фермерлар ўрнига борган иш бошқарувчиларни «ўғит ташийсанлар» деб мажбуран ушлаб туришган. Туман ИИБ бошлиғи «Деҳқончиликни сенларга ўзим ўргатаман. Буйруқни бажармасанг, ҳар куни мана шундай иссиқда йиғилиб, ишлайсанлар. Бўлмаса, ҳамманинг бошига қамоқ жазосини соламан», деб қўрқитган», дейди Акром Новотов.
Воқеага гувоҳ «Жўраев Элёр» фермер хўжалигида механизатор бўлиб ишлайдиган, 14 июль кунги семинарга ушбу фермер хўжалиги раҳбари ўрнига борган Элбой Исроилович Жўраев ҳам юқоридаги воқеани ҳикоя қилиб берди.
«Фермер хўжалигида ишлаётганимга 15 йил бўлди. Ёшим 62да. Ўша куни соат тонгги 4лардан кундузги соат 11 яримларгача ишладим. Жияним телефон қилиб, бугун семинар бор экан, уйдан машинамни олиб келинг, деб илтимос қилди. Хуллас, вазият тақозоси билан ўрнига борадиган бўлдим. Борсам одамлар йиғилган, «мелиса»лар сони 30дан зиёд эди. Семинар соат 12:00да бошланди. Туман ИИБ бошлиғи уч қатор сафланишимизни айтди. Фермер раҳбарлари ўрнига келган 13 киши алоҳида ажратилди. «Пахтага нега икки марта сув қуйдинг?», деб қўлига кишан солишди. Яна икки кишига ҳам кишан урилди. Бизни автобус ичига олиб киришди. Эшикни ёпиб қўйишди. «Новотов Акром ернинг тагидан бўлса ҳам етиб келсин», деган буйруқ бўлди. Шундан сўнг, бизни Ички ишлар бошқармасига олиб боришди. Бармоқларимиздан из олишди. Улар нега бундай қилишади? Режаларни бажарсак, ишимизни қилсак, аввало, ўзимизнинг юзимиз ёруғ бўлади-ку?…», дейди у.
Доимий босимлар…
Туман ИИБ бошлиғи 16 июль куни ҳам семинар ўтказган ва соат 6:00да ўтказилган иккинчи семинарга ҳам Акром Новотов бормаган, ўрнига иш бошқарувчиси Фаррух Дўстмуродовни жўнатган. Шундан кейин соат 10:30да ИИБ ходимлари фермернинг олдига келишади.
Интернетда тарқалган видеода ИИБнинг бир неча ходими Акром Новотов билан суҳбатда нима учун ердан самарали фойдаланиш бўйича дала семинарига бормагани ҳақида сўрашгани, фермер эрталаб далада бошқа иш қилаётгани, шу сабабли семинарга иш бошқарувчисини жўнатганини айтганини кўриш мумкин.
Видеода ходимлар бу ишларни семинардан кейин қилса бўлмайдими, деб сўрашади. Фермер хўжалиги раҳбари эса капалак қўйиш ишини эрталабки салқинда бажариш лозимлигини айтади. ИИБ вакиллари семинарда қатнашиш — вилоят ҳокими Зафар Рўзиевнинг топшириғи экани, фермер унда қатнаша олмаса, туман ИИБ бошлиғи Чори Кўчаровдан рухсат сўраши кераклигини таъкидлашади.
«Уйимга иккита машинада ички ишлар ходимлари, участка нозирлари, посбонлар келишди. Уларнинг тахминий сони 10 нафар атрофида эди. Пайқаганим – уч нафари ички ишлар ходими, беш нафари посбонлар формасида эди. Мени туман ИИБга олиб кетмоқчи бўлишди. Мен у ерга боргач нима бўлишини кўрганман. Ҳовлисида иссиқда изғитиб, ўтиришга ҳам, овқатланишга ҳам қўймай, қийнаб ушлаб туришади. Уларнинг ҳаракатини видеотасвирга олишни бошлаганимдан кейин, ниятларидан қайтишдими ёки бошқа нарсани ўйлашдими, ортларига қайтиб кетишди.
Аслида туман раҳбарлари томонидан менга доимий босим бўлади. Куннинг исталган вақти, тунги соат 1 ёки 2 бўладими, фарқи йўқ, дўқ қилиб, қўпол оҳангда далага чақиришади. Ёки уйимга машинада бир гуруҳ бўлиб келишади, мени олиб кетмоқчи бўлишади. Кечалари фермер хўжалигим офиси жойлашган жойда уларнинг кезиб юрганини ҳам кўп кўрганман. Бундан ташқари, ММТП раисига телефон қилиб, устимдан билдирги ёзиб беришларини сўрашган. Билдиргини туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Ойбек Сафаров олиб қолган», – дейди фермер.
Kun.uz таҳририятига тақдим этилган аудиоёзувда Касби туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Ойбек Сафаров бир неча марта туман ММТП бошлиғи Саъдулло Саламотовдан фермер Акром Новотов устидан билдирги ёзиб беришини сўрагани кўрсатилган.
«Менга нисбатан ҳар томонлама босим бўлишининг яна бир исботи бор. Ғалла майдонини ўриш вақтида Чори Кўчаровнинг Анвар деган ёрдамчиси кечаси соат 12 яримларда телефон қилиб, далага чақирди. Қўрқиб бормадим. Шундан сўнг кечаси соат 1:36да яна қўнғироқ қилиб, тезда етиб келишимни айтди. Нима эмиш, еримда ғалла ўрган комбайнчилар кун бўйи ишлаб, оч-наҳор ўтирган эмиш. Бу қип-қизил туҳмат. Мен инсон меҳнатини яхши қадрлайман. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ярим кечаси далада нима қилишим мумкин? Яна бир савол, ИИБ ходимлари ғалла назоратини нега айнан менинг даламда олиб боришяпти? Биз даламизни ўзимиз қўриқлаймиз, бошқа ҳеч ким керакмас», – дейди фермер.
Адоват тарихи
Маълум бўлишича, фермер ва ИИБ бошлиғи ўртасидаги келишмовчилик бир йил олдин бошланган.
«2018 йилнинг 11 август куни эди. Дала ишлари билан юрардим. Ўз кучим билан қурган шийпоним бор эди. Шу ердан ўтиб кетаётган туман ҳокими машинасини тўхтатиб, мени чақиртирди. Етиб бордим. Ҳоким менга шийпонимни тўғирлашимни айтди. «Хўп, бажарамиз» дедим. Шунда ҳоким ёнида турган, фуқаро кийимидаги шахс «Бажарамиз, дема. Бажараман деб айт» деб дўқ урди. Уни танимасдим. Кейин билсам туман ИИБ бошлиғи Чори Кўчаров экан. Ўшанда куракда турмайдиган гаплар билан роса «сийлади». Мен Чори Кўчаров устидан шикоят қилдим. Унга нисбатан хизмат текшируви ўтказилди. Шундан бери қилдан қийиқ ахтариб, мени қамашга ёки ҳақоратлашга, керак бўлса, қўл кўтаришга ҳаракат қилади», дейди фермер.
Маълум бўлишича, Акром Новотов раҳбарлигидаги фермер хўжалиги 2003 йил ташкил этилган бўлиб, 2016 йил чорвачилик йўналиши ҳам қўшилган ва кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирилган. Фермер давлатдан 117 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, Украинадан 69 бош қора мол келтириб, кўпайтирган. Айни кунда фермернинг қора моллари сони 150 бошдан ошган.
Фермернинг сўзларига кўра, Чори Кўчаровнинг адовати туфайли шу йил июнида ўриб олинган 9 тонна арпаси ҳам тортиб олинган.
«Ўтган йили чорва учун йил оғир келди. Шунинг учун чорва молларим учун арпа ҳам эккандим. Аммо арпа топшириш бўйича шартнома қилинмаганди. Арпа фақат қора моллар учун озуқа сифатида экилганди. 7 июнь куни ММТП билан шартнома асосида комбайнларни ижарага олиб, даладан чорва учун 9 тонна арпамни ўриб олдим ва омборимга олиб келиб тўктирдим.
Шартномага мувофиқ, барча тўловларни амалга оширдим. Шунда Чори Кўчаровнинг икки ўринбосари келиб, ғалламни бошқа омборга олиб кетишга мажбур қилишди. Менга нисбатан маъмурий жавобгарлик қўзғатишди. Бунгаям қанча югур-югурлар бўлди.
Нега бундай қилишади? Нега доим қўрқув остида яшашим керак? Мени бундай ишлар чарчатди. Мен хотиржам ўз ишим билан машғул бўлишни, фермер хўжалигимни ривожлантиришни, чорвам учун кредит сифатида олинган миллиардлаб сўм маблағни тезроқ қайтариш ҳақида бош қотиришни истайман. Саломатлигим кундан-кун ёмонлашиб бормоқда. Охири шу ерини бериб, касодга учраб қутулсам керак…
Аслида, бизнинг ҳудуд туман ҳокимининг сектори ҳисобланади. Лекин ўша куни ҳоким йўқ эди. Эшитишимча, иш билан кетган экан. Воқеалар ҳам айнан мана шу кунда, туман раҳбари йўқлигида содир бўлди. Шахсан мен бу тасодиф бўлди деб ўйламайман. Бари уюштирилган», – дейди куюниб фермер.
Воқеаларнинг имкон қадар батафсил кўриниши шундай.
Келинг, бу зиддиятнинг икки томони вакилларига таъриф бериб кўрайлик.
Фермер ким? Фермер – ўн саккиз ёшга тўлган, қишлоқ хўжалигида тегишли малака ёки иш тажрибасига эга бўлган, ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркор. Фермер хўжалиги Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосий субъектидир.
Ички Ишлар ходими ким? Ички ишлар органлари ходимларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ва профилактикадан иборат.
Ҳамма ўз ишини қилиши керакмасми?
Ҳолат юзасидан навбатдаги саволлар туғилади. Нега фермерлар бундай ҳолатга солинди? Уларнинг ўрнини кўрсатиб қўйиш учунми? Ёқи қўрқитиш учунми?
Бир инсоннинг кўнглидан ҳаловат йўқолса, унинг қўли ҳеч бир ишга бормайди. Иссиқни иссиқ демай меҳнат қилаётганлар нега «раҳмат» эшитиш ўрнига кишанбанд этилишди?
Бундай ҳолатлар давом этадиган бўлса фермер қандай қилиб давлат режасини бажаради? Қандай қилиб ерига меҳр бера олади? Фермернинг асосий вазифаси далада ишлаб, тадбиркорлик қилишмасми? Ички ишлар ходимларининг фермерга фермерликдан семинар ўтиши нимани англатади?
Мазкур масала юзасидан расмий изоҳ олиш учун Касби тумани ИИБга ва вилоят ИИББ матбуот хизмати билан боғланишга уринишларимиз зое кетди. Республика ИИВ матбуот хизмати эса «вазият тубдан ўрганилаётгани, янгилик бўлиши билан хабар берилиши»ни маълум қилишди.
Фуқаро шаъни, унинг ҳуқуқи поймол бўлган бу воқеа ижобий ечимини топади, мутасадди раҳбарлар бу воқеага ўз муносабатларини билдиришади, дея ишонч билдирамиз.