Нега брокколи мактабгача тарбия муассасаларининг кунлик рационига киритилган?
Кейинги йилларда юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тури ва ҳажми ортиб бормоқда. Мисол учун, брокколи, руккола ва “Айсберг“ салати кабиларнинг ҳеч бир тури Ўзбекистонда оммавий равишда етиштирилмасди. Энди эса уларни нафақат етиштириш, балки экспортга чиқариш жараёнига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз.
– Брокколига нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам талаб юқори, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Ҳ.Ғиёсов. – Жорий йилнинг ярим йилида Россияга жуда катта ҳажмда экспорт қилинди. Бир килограмм брокколининг баҳоси 10-12 минг сўм. Россияда брокколи нафақат ошхоналарда, балки мактабгача тарбия муассасаларида ҳам кунлик рационга киритилган. Айни вақтда бу давлатда ушбу маҳсулотга бўлган талабнинг 80 фоизи очиқ турибди.
Мен фермер ва деҳқонларимизга, томорқа ер эгаларига қарата айтмоқчиман. Брокколи маҳсулотини томорқаларда экишни кўпайтириш зарур. Унинг вегетация даври 2,5 – 3,5 ой бўлиб, бизнинг иссиқ шароитимизда вегетация даври янада қисқароқ бўлиб, 2,5 ойни ташкил этади. Уни февраль ойининг 15 санасидан то 15 июлгача босқичма- босқич экса бўлади. Шунингдек, эртапишар, тупроққа талабчан эмас, совуққа ҳам чидамли бўлиш билан бирга етиштириш ҳам осон.
Қизиқ, у нега мактабгача тарбия муассасаларининг кунлик рационига киритилган экан? Бу борада шифокорларимиз шундай изоҳ бермоқда. “У оддий сабзавот эмас, балки оқсилга бой карам тури бўлиб, таркибида 3,2 дан 4,5 фоизгача оқсил мавжуд. Оқсил таркибидаги антисклеритин моддаси ва метионини организмда холестерин кўпайиб кетишига тўсқинлик қилади. Шунингдек, оқсил таркибидаги ноёб аминокислоталар мол гўштидаги лизин ва изолейциндан, трифтафон миқдори эса тухумдаги оқсил таркибидан кучли. Шунинг учун бу сабзавот рак, яъни саратон касалини олдини олувчи ноёб сабзавот ҳисобланади. Брокколи иммунитетни оширади, модда алмашинувини яхшилайди, подаграда беқиёс фойдали, қон босимини ортиши ва суякларнинг мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга маҳсулотдир. Бундан ташқари у лейкоз, асаб тизимининг бузилиши ва бошқа кўпгина касалликларда жуда фойдали.”
Қайд этиш жоизки, асли ватани Жанубий Италия бўлса-да, қадимги Римда икки минг йил олдин ҳам етиштирилган. У Италиядан, Византияга, кейинчалик эса бошқа Европа давлатларига кириб келган. Айни вақтда эса Япония, Италия, Германия, Франция, Канада, Польша каби давлатларда брокколини етиштириш ва уни истеъмоли сезиларли даражада кўпайган.
ЎзА
http://uza.uz/oz/society/nega-brokkoli-maktabgacha-tarbiya-muassasalarining-kunlik-ra-23-07-2019