Ўзбекистонда Хитойнинг аграр соҳадаги тажрибаси ўрганилади
Пекинда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Хаитов, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари С.Ходжаев ва бошқа вакиллар иштирокидаги делегация Хитой қишлоқ хўжалиги вакиллари билан кенг қамровли учрашувларда иштирок этди.
Аграр тармоқдаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган учрашувда ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтариш учун ҳар икки томонда ҳам катта имкониятлар мавжудлиги алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон делегацияси Хитойнинг Шаньдун, Ганьсу провинцияларида тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувларда иштирок этди. “San Yuan Zhu” корпорацияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, хитойлик мутахассислар юртимизга тажриба алмашишга таклиф этилди.
Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларда алоқалар янада фаоллашмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам бу ҳамкорлик яққол намоён бўлмоқда. Чунки, айнан аграр соҳада ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш, ҳар икки мамлакат манфаатларига баравар хизмат қилади.
http://agro.uz/uz/news/agro/zbekistonda-khitoyning-agrar-so-adagi-tazhribasi-rganiladi/