Қуён гўшти қадоқланиб, териси экспорт қилинади
Қуён гўшти қадоқланиб, териси экспорт қилинади
Қуён боқиш бугунги кунда мамлакатимиздаги энг сердаромад соҳалардан бирига айланиб бормоқда. Гўшти ва терисининг харидоргирлиги, етиштириш шарт-шароитининг осонлиги ва катта харажат талаб этмаслиги қуёнчилик билан шуғулланиш истагидагилар сонини ортишини таъминламоқда.
Шу кунларда Навоий вилояти Кармана туманидаги “Қўрғон дала агрофирма” масъулияти чекланган жамиятида қуёнчилик кластерини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Ташаббускор тадбиркор Бахтиёр Қобулов раҳбарлигидаги корхонада айни вақтда 40 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Кластер ишга тушганда эса улар сони 70 нафарга кўпаяди.
– Қуён гўштидан саломатликда, парҳез таом сифатида кенг қўлланилади, –дейди Бахтиёр Қобулов. – Таркибида оқсил кўп, холестерин кам бўлганлиги туфайли болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, ошқозон ва юрак-томир касаллигига чалинган кишилар учун жуда фойдалидир. Бундан ташқари бир килограмм қуён гўшти етиштириш шунча қўй ёки қорамол гўшти етиштиришга нисбатан анча арзонга ҳам тушади. Демак, даромад чўғи ҳам шунга яраша бўлади. Энг қизиғи, улар кунига бир марта таркибида 20 хил витамини бор бўлган махсус озуқа билан парваришланади.
Ҳисоб-китоблар асосида 2016 йилдан қуёнчилик билан шуғулланишни бошлаган хўжаликда Италиядан 114 бош наслли она қуён келтирилган эди. 114 бош қуён 2017 йилда 4500 бош, 2018 йилда 17 минг бошга етди.
Жорий йилнинг ўтган даврида 11 минг бош “Оқ великан” зотли қуён аҳолига, жумладан, қўшни вилоятларга ҳам етказиб берилди.
Бугунга келиб, Навоий вилоятидаги етакчи корхоналардан бирига айланган хўжалик ички бозорга ҳам қуён гўшти етказиб берилмоқда. Айни вақтда истеъмолчиларга 18 тонна парҳезбоп қуён гўшти етказиб берилди. Келгусида хориждан гўштини қадоқлаш технологияси келтириб, терисини Хитойга экспорт қилиш режалаштирилмоқда.
ЎзА
http://uza.uz/oz/culture/uyen-g-shti-ado-lanib-terisi-eksport-ilinadi-04-07-2019