Ўзбек қоракўл қўйлари Ботсванага экспорт қилинади
Африканинг Ботсвана давлати қоракўл қўйларини кўпайтириш учун Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки халқ селекцияси маҳсули бўлган қўйнинг ушбу зоти бизнинг заминда яратилган. Тарихий маълумотларда келтирилишича, қоракўл қўйлари саккизинчи асрда араб қўй зотлари билан чатиштириш натижасида юзага келган ва кейинчалик у бошқа ҳудудларга тарқалган.
Дарҳақиқат, бугунги кунда дунёнинг 190 мамлакатида қўй боқилса, шундан 16 тасида қоракўл зотлари парваришланади. Гарчи бугун қоракўл тери етиштириш бўйича Намибия ва Афғонистон дунёда етакчилар сафида бўлса-да, ноёб мўйна берадиган қоракўл зотнинг асосий генофонди Ўзбекистонда сақланиб қолингани эътироф этилади. Бу эса бизнинг энг катта ютуғимиздир.
— Қоракўл қўй зотлари чўл шароитига мослашган бўлиб, озуқасининг 86 фоизини яйловдан ўзи топиб ейди, — дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов. — Тўққиз фоизини дағал хашак, қолган 5 фоизини эса кучли озуқалар ташкил этади. Ана шу жиҳат хорижлик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Наслчиликда олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар, эришилаётган ютуқлар ҳам чет эллик мутахассислар диққат эътибори марказида бўлди. Қўйларнинг ёши, жинси, ранги ва наслига қараб ажратилиб, отар усулида боқиш йўлга қўйилгани, наслли қўчқорлар аукциони мунтазам йўлга қўйилганини, айниқса, юқори баҳоладилар.
— Биз ташрифимиз давомида Ўзбекистоннинг қоракўлчилик марказлари бўлмиш Бухоро ва Самарқандда бўлиб, ўзбек қоракўлчилик мактаби тажрибасини атрофлича ўргандик, — дейди Ботсвана озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш вазирлиги котиби ўринбосари, делегация раҳбари Жон Кассиус Мореки. — Олимлар, фермерлар билан суҳбатлашдик. Чўпонлар фаолияти билан танишиб, улар қоракўлчиликда олимлардан кам билимга эга эмаслигига гувоҳ бўлдик. Юртингиз мутахассислари чорвачиликни ривожлантириш борасида бизга яқиндан кўмак беришга тайёр эканлигидан жуда хурсанд бўлдик. Мамлакатимизга қайтгач, бу ердан олган хулосаларимизни Ботсвана ҳукуматига етказамиз ва тез орада икки томон учун манфаатли бўлган ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ишонамиз.
Ботсвана давлати делегациясининг юртимизга ташрифи якунлари бўйича Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда томонлар истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистондан наслли қўчқорлар ва совлиқлар сотиб олиш, наслчиликни яхшилаш ва яйлов ўсимликларини кўпайтириш борасида ҳамкорликда илмий-тадқиқотлар олиб бориш, ўзаро тажриба алмашиш юзасидан дастлабки келишувга эришилди.
Саид РАҲМОНОВ.
http://xs.uz/uzkr/post/ozbek-qorakol-qojlari-botsvanaga-eksport-qilinadi