Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мамлакатимиз фермерларига Мурожаати

Ўзбекистон  фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари  кенгашининг мамлакатимиз фермерларига  Мурожаати

Ҳурматли фермерлар!

Жорий йилда баҳорнинг серёғин келиши қишлоқ хўжалиги экинларининг ўз вақтида парваришини олиб боришда азамат деҳқонларимиз зиммасидаги масъулиятнинг янада ошишига сабаб бўлди. Миллий бойлигимиз ҳисобланган ғўза парвариши борасидаги ишларни ташкил қилиш ҳам шулар жумласидандир.

Минг машаққатлар билан чигитдан ундирилган ғўзаларнинг парваришини ўз вақтида қилиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш орқали биз кузда оладиган мўл ҳосилимизнинг пойдеворини яратамиз.

Шундай экан, ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари, масъуллари ўзларининг ихтиёридаги культиваторлардан самарали фойдаланиб, ғўза майдонларини чопиқ қилиш, бегона ўтлардан тозалаш, яганалаш ва зараркунандаларга қарши курашиш ишларини тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор бериши керак.

Бу йил баҳор фаслининг салқин ва серёғин келиши иссиқсевар ўсимлик ҳисобланган пахтачиликда муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда. Далаларда ғўзанинг ривожланиши ўтган йилларга қараганда анча орқада қолмоқда. Бу эса ғўза парваришига алоҳида эътибор қаратишни, айниқса, культиваторлардан самарали фойдаланиш, тупроқни чуқур юмшатиш, майда чопиқ қилиш, яганалаш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш ва бошқа агротехник тадбирларни амалга оширишга ўта масъулият билан ёндашишни тақозо этади.

Айниқса, баъзи бир туманларда чигит бузиб экилгани сабабли, ўша майдонлардаги ғўза парваришини тўғри ташкил этиб, бошқа ҳудудлардаги ғўза ривожига етказиб олиш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Тажрибали фермерлар, фидойи дала меҳнаткаткашлари ҳозирги ўта масъулиятли паллада сифатли бажарилган агротехника тадбирлари туфайли яратилажак мўл ҳосил, ундан келадиган даромаддан, энг аввало, ўзлари, қолаверса, жамиятимиз катта наф кўришини яхши билади, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни чуқур ҳис этади.

Сўнгги икки йилда пахтанинг давлат харид нархи ўтган йиллардагига нисбатан қарийб икки бараварга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг биз, фермерларга беқиёс ғамхўрлиги, камтарона меҳнатимизга юксак эътиборини қадрлаб, бундай эътибор зиммамизга улкан масъулият юклашини ҳам унутмаслигимиз лозим!

Азиз фермерлар, миришкор деҳқонлар!

Юртимизда эзгу ташаббус, хайрли амаллар ҳеч қачон беиз кетмайди, эътибордан четда қолмайди. Аксинча, давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Шундай экан, ҳар биримиз, ўз даламизда меҳнат қилиш учун ишчиларимизга қулай шарт-шароитлар яратиш пайидан бўлиб, енгил конструкцияли дала шийпони, мўъжазгина арзон иссиқхона қурайлик, 50 бошдан парранда ва бир бошдан соғин сигир ҳамда 5 қутидан асалари боқишни йўлга қўяйлик. Бу орқали ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, қўшимча даромад манбаини шакллантириш имконияти пайдо бўлади.

Қадрли фермерлар!

Кўпни кўрган, тажрибали фермерлар май-июнь ойлари ғўза айни ривожланадиган, деҳқончасига айтганда, экин кечаю кундуз “ишлайдиган” бетакрор палла эканлиги, бу даврда қандай ишлар амалга оширилиши зарурлигини жуда яхши билишади. Сизу бизнинг вазифамиз эса ана шу тиғиз мавсумда бутун меҳримизни даламизга бериб, ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ва юқори савияда бажаришга эришишдир. Бунинг учун қуйидагиларга жиддий эътибор қаратиш зарур:

биринчидан, агротехник тадбирлар борасидаги ташкилий ишларни яна бир марта, бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда пухта режалаштиринг!

иккинчидан, ҳар бирингиз 50 сотих пахта майдонига бир нафардан мавсумий ишчиларни ишга қабул қилиб, бир ҳафта муддатда ғўза парваришидаги хато ва камчиликларни тўлиқ якунланг!

учинчидан, ғўза майдонларини культивация қилишда ишчи органларни тупроқ шароити ва экиш схемасидан келиб чиқиб амалга оширинг!

тўртинчидан, ишчиларингиз учун бир гектар чопиқ учун 300 минг сўм ва бир гектар ягана учун 200-250 минг сўмдан, механизаторларга бир гектар культивация учун 18 минг сўмдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратилган иш ҳақини ўз вақтида бериб, иш унумдорлигини оширишга эришинг!

бешинчидан, ғўза майдонингизда тўлиқ гектар ва тўлиқ контур ҳосил қилиб, ёғингарчиликдан кейин сақлаб қолинган майдонларда чигит униб чиқмаган қаторлар хатосига чигит экишни, бунда, чигитни яхшилаб димлаб, тупроқнинг 4-5 см намини чиқариб экишни ташкил этинг!

олтинчидан, ҳар бирингиз 1-2 чинбарг чиқарган ғўза майдонларингизда яганалаш ишларини ташкил қилиб, 3 кун муддатда тўлиқ якунлаш чорасини кўринг!

Бунда тупроқ унумдорлиги юқори ерларда (90 см ғўза қатор оралиғида экилганда 1 метрда 8-9 та, 60 см қатор оралиғида экилган бўлса, 5-6 тадан кўчат қолдириб) гектарига 80-90 минг туп;

-тупроқ унумдорлиги ўртача ерларда (90 см ғўза қатор оралиғида экилганда 1 метрда 9-10 та, 60 см қатор оралиғида экилган бўлса, 6-7 тадан кўчат қолдириб) гектарига 100-110 минг туп;-тупроқ унумдорлиги паст ерларда (90 см ғўза қатор оралиғида экилганда 1 метрда 10-11 та, 60 см қатор оралиғида экилган бўлса, 7-8 тадан кўчат қолдириб) гектарига 110-120 минг туп;

-тупроқ унумдорлиги паст ерлардаги қўш қатор экилган майдонларингизда гектарига 140-160 минг туп;-ингичка толали ғўза навлари экилган унумдор тупроқли майдонда гектарига 110-120 минг туп, тупроқ унумдорлиги ўртача ерларда 130-140 минг туп, тупроқ унумдорлиги паст ерларда 150-160 минг туп, қўшқатор майдонларда 180-200 минг туп ҳамда “Сурхон” ва “Термиз” навларида 150-160 минг туп кўчат бўлишини таъминлашга эришинг!

еттинчидан, ғўзада 3-4 та чинбарг пайдо бўлган майдонларда ўсимликдан 12-14 см узоқликда, 16-18 см чуқурликда (тупроқ намига) гектарига 150 кг дан азотли ўғит, чигит экиш ва ер тайёрлаш жараёнида берилмаган бўлса 200 кг дан фосфорли ва 100 кг дан калийли минерал ўғитлар билан озиқлантиринг!

саккизинчидан, ғўза ниҳолларининг 2-3 чинбарг чиқариш даврида барг орқали озиқлантириш мақсадида суспензия сепиш ишларини ташкил этинг!

тўққизинчидан, ёғингарчиликдан кейин сақлаб қолинган майдонларда зудлик билан биринчи ишлов мажмуасини ўтказинг ва суғоришга тайёрланг. Ушбу майдонларни ҳар йилгидан 10-15 кун олдин гектарига 700-750 м куб сув билан енгил қатор оралатиб суғоришни ташкил қилинг!

ўнинчидан, ғўзанинг зараркунанда ҳашаротларига (шира-трипс, кузги тунлам, ўргимчаккана ва бошқа) қарши биологик ва кимёвий кураш ишларини ташкил қилинг.

Бунда, ҳар гектар пахта майдонига бир донадан феромон тутқич ўрнатиб, 3-4 кунда 10-15 донадан капалак тушиши кузатилса, бундай майдонларни алоҳида назоратга олинг;

-ўргимчакканага қарши курашишда профилактика мақсадида олтингугурт+сода аралаштирилган эритма, олтингугурт+оҳакли ИСО эритмаси ёки гектарига 60 кг олтингугуртни ОШУ пуркагичи билан далага сепинг;

-кузги тунлам (илдиз қурт)га қарши алдамчи емаклар тайёрлаш ва кечги салқинда далага сепишни ташкил қилинг;

ўн биринчидан, 10-15 та фермерлар бирикиб механизатор уйларини ташкил этинг. Бунинг натижасида далада иш унимининг ошишига эришинг.

Шу маънода, табиат куч-қудратимиз, сабр-бардошимизни яна бир бор синовдан ўтказаётган жорий мавсумда бир тану бир жон бўлиб, етук мутахассисларимиз томонидан тавсия этилган энг қулай агротехника тадбирларини мақбул муддатларда амалга ошириб, пахтадан белгиланган ҳосил етиштиришга эришайлик!

photo5397635695130028681.jpg

Фидойи фермерлар, дала меҳнаткашлари!

Бугун халқимиз Сизнинг шижоатингиз, ғайрат ва матонатингизга кўз тикиб турганини бир зум бўлса-да, ёддан кўтарманг. Дастурхонимиз тўкин-сочин, бозорларимиз ноз-неъматларга тўла ва арзон, турмушимиз фаровон бўлиши бугунги меҳнатингизга боғлиқ.

Юртбошимизнинг ишончини оқлаб, мамлакатимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун барчангизни сидқидилдан ҳалол меҳнат қилишга чақирамиз!

Бу йилги қишлоқ хўжалиги ишларини ташкил қилишда сиз азизларга сиҳат-саломатлик, ишингизга эса унум ва ривож, хайр-барака, улкан хирмон барпо этишингизда муваффақият ва зафарлар тилаймиз!

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер эгалари кенгаши

http://uza.uz/oz/society/zbekiston-fermer-de-on-kh-zhaliklari-va-tomor-a-er-egalari-k-16-05-2019

ЎзА

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram