Томорқа ер майдонлари қанча ва улардан қандай фойдаланилмоқда?
“Томорқа қўшимча даромад манбаи” тамойили асосида ердан йилига икки-уч маротаба ҳосил олиб, келаётган деҳқонларимиз сони йил сайин ортиб бормоқда. Илм-фан ютуқларини ўз томорқаларида жорий қилаётган тадбиркор деҳқонларимиз ҳам анчагина.
Хўш, бу борада уларга яқин кўмакчи бўладиган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қандай ёрдам бермоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида кенгаш фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ердан самарали фойдаланиш, уларга амалий ёрдам бериш ва аҳоли даромадларини ошириш борасида қандай ишларни амалга оширди?
– Барча шароитлар яратиб берилишига қарамасдан 2018 йилда 69,4 минг аҳоли хонадонларидаги 4 минг гектар томорқа ерларига экин экилмасдан қолдирилган, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Ҳусанжон Ғиёсов. – Бу кўрсаткич Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Андижон вилоятларида анча юқори эди. Сабаби, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини моддий-техник ресурслари – уруғликлар, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, техника воситалари, имтиёзли кредитлар билан таъминлаш йўлга қўйилмагани ва хизмат кўрсатувчи инфратузилма яратилмаганида экани аниқланди.
Аграр сектордаги мана шу ва бошқа муаммоларни бартараф этишда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, ҳудудий вилоят, туман кенгашлари ва туманлар кенгашлари қошида ташкил этилган “Томорқа хизмати”нинг алоҳида ўрни бор. Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармаларининг бу ишга жалб қилиниши нур устига нур бўлди.
Жойларда ташкил этилган ишчи гуруҳлари фаолияти ва бошқа ташкилий – тизимли ишлар эндиликда ижобий натижалар бермоқда. Статистик маълумотларга кўра, юртимизда 4 579, 1 мингта аҳоли хонадонлари мавжуд бўлиб, уларнинг ихтиёрида 434,8 минг гектар томорқа ер майдони мавжуд. 2018 йилда бу кўрсаткич 445 минг гектарни ташкил этган.
Рақамлардан кўриниб турибдики, аҳоли томорқа ер майдонлари йилдан-йилга камайиб бормоқда. Бу эса аҳоли сонининг ортиши ва янги оилаларнинг пайдо бўлиши ҳамда турар жойлар қурилиши билан боғлиқ.
Томорқа ерлари йил сайин камаяётган экан, халқимизга томорқадан унумли фойдаланиш, йилига икки-уч маротаба ҳосил олишни ўргатишимиз ва бу соҳада илғор тажрибани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак бўлади. Айни вақтда йилига икки-уч маротаба ҳосил олинаётганини ҳисобга олсак, тахминан 800-900 минг гектар томорқа ерларида экиш ишлари амалга оширилаётганини кўриш мумкин.
Жорий йилда 4 миллион 564 мингта аҳоли хонадонида уйма-уй юриб ўрганиш ва иш ташкил қилиш натижасида улардаги 435,1 минг гектар, ўтган йилга нисбатан 28.1 минг гектар кўпроқ томорқа ерларига экинлар экилди. Шундан, 97.4 минг гектарига тўқсонбости, 305,2 минг гектарига эртаки экинлар экилди.
Туманларда ташкил этилган икки юздан зиёд “Томорқа хизмати” 224 минг 994 хонадонга турли хилдаги хизматлар кўрсатди. Жумладан, 908 та хонадонга ихчам иссиқхоналар қуриб берилди, 85 минг 280 та хонадонга мевали кўчат, 129 минг 393 та хонадонга сабзавот уруғлари, 90 хонадонга 229 асалари оиласи, 434 та хонадонга қорамол кабилар етказиб берилди.
http://uza.uz/oz/business/tomor-a-er-maydonlari-ancha-va-ulardan-anday-foydalanilmo-da-10-05-2019
Сайёра ШОЕВА, ЎзА