Картошка ҳосилининг 20 фоизи экспорт қилинади
Деҳқонларимиз азалдан йил – ўн икки ой ердан ҳосил олишга интилиб келган. Ҳатто қиш кунлари ҳам қулай ва ғанимат дамлардан омилкорлик билан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Хусусан, февраль ойининг иккинчи ўн кунлигида плёнка остига экилган картошкадан июнь ойида ҳосил йиғиштириб олиниши илмий тадқиқотларда аниқланди. Бунда ҳар гектардан ўртача 18-20 тонна ҳосил олиш мумкин экан. Ёки картошканинг ундириб экилган уруғлик тугунаклари ҳам ҳосилдорликни 15 фоизгача ошириб, одатдагидан 15-20 кун эртароқ пишиб етилишини таъминлайди.
Картошкачилик борасида ана шундай изланишлар олиб борилаётган юртимизда мана икки йилдирки, картошкага давлат буюртмаси жорий этилди. Бу каби пухта ўйланган ва узоқни кўзлаб амалга оширилаётган чора-тадбирлар аҳолига узлуксиз, арзон нархларда картошка етказиб беришда муҳим аҳамият касб этади.
– Юртимизда етиштириладиган маҳсулотнинг 70 фоизи аҳоли томорқаларида тайёрланади,– дейди Ўзбекистон фермер, деҳкон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси Элмурод Мамараҳимов. – Айни вақтда 97 минг гектар майдонда эртачи картошка етиштирмоқда. Унинг 43 минг гектари фермер хўжалиги ерларида бўлса, қолган қисми аҳоли томорқасига тўғри келади. Май ойи давомида мазкур майдонларда етиштирилган картошканинг 20 фоизини экспортга чиқариш мўлжалланмоқда.
Қайд этиш жоизки, юртимизда картошканинг янги ҳосилдор навларини яратиш, деҳқонларни сифатли уруғлик билан таъминлаш йўлидаги изчил изланишлар ўз самарасини бермоқда. Хориждан “санта”, “кондор”, “романа” каби навлар уруғлари келтирилиб, маҳаллийлаштирилди. Шунингдек, селекционер олимларимиз яратган картошканинг “умид”, “тўйимли”, “акроб”, “диёра”, “кўксарой”, “серҳосил”, “сарнав”, “пском”, “барака” каби юзга яқин нави қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрига киритилган. Картошка нисбатан салқин ва қумлоқ ерларда яхши ўсади.
Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятларининг тоғолди ҳудудларида юқори ҳосил олиш борасида муайян тажриба тўпланган.
http://uza.uz/oz/society/kartoshka-osilining-20-foizi-eksport-ilinadi–06-05-2019
Сайёра Шоева, ЎзА