Фермер хўжаликлари самарадорлигини янада оширишга эътибор қандай?
Миллий матбуот марказида фермерлик ҳаракати, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш каби йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлиги юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Мамлакатимизда пахта хом ашёси ва бошоқли дон маҳсулотларини давлат томонидан кафолатланган харид нархларини сезиларли даражада кўпайтириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг молиявий барқарорлиги оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан фермер хўжаликларининг ер майдонлари мақбуллаштирилди. Айни пайтда мамлакатимизда турли тармоқларга ихтисослаштирилган 77,5 мингта фермер хўжалиги фаолият юритмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан фермер хўжаликларига қатор имтиёзлар берилди. Жумладан, тупроқ унумдорлиги паст ва охирги 3 йил мобайнида ҳосилдорлик гектарига 15 центнергача бўлган ерларда пахта хом ашёсига давлат буюртмаси жойлаштирилмайди. Фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос агрегатлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергия қиймати давлат бюджетидан тўлаб бериладиган бўлди.
Пахта ва ғалла харид нархлари қарийб 2 баробарга оширилди. 2019 йил пахта ҳосилидан бошлаб томчилатиб суғоришни жорий этган фермер ва бошқа хўжаликларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар гектарига 8 миллион сўмдан субсидия берилади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 миллион сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизли пункти миқдорида қопланади.
– Айни вақтда мамлакатимиздаги 4,5 миллиондан зиёд деҳқон хўжалиги ва томорқа эгаларининг ер майдонлари бўйича электрон база яратилди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Фахриддин Кушанов. – Бундан ташқари, 2018 йилда 21 минг 262 фермер хўжалиги, жорий йилнинг ўтган даврида яна 3 мингта фермер хўжалиги кўп тармоқли қилинди. Келгусида томорқалардан 2-3 марта ҳосил олиш, кичик иссиқхоналарни кўпайтириш чоралари кўрилади. Бу жараёнда “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари асосий кўмакчи бўлади.
Тадбирда иштирок этган фермер хўжаликлари раҳбарлари кластер тизимини янада такомиллаштириш, етиштирилаётган ҳосилни сотиш борасида учраётган муаммоларни ўз вақтида бартараф қилиш ва малакали агрономлар билан ишлаш бўйича таклифларини билдирди. Журналистлар томонидан экинларни минерал ўғитлар билан озиқлантириш, зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш борасидаги айрим муаммоларга қандай чоралар кўрилаётгани бўйича берилган саволларга соҳа ходимлари томонидан жавоб берилди.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА