Ҳукумат пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари бўйича қарор қабул қилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва бозор муносабатларини жорий қилиш, пахта хомашёсини қайта ишлаш ҳамда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш тармоқларининг интеграциялашувини янада кенгайтириш мақсадида қабул қилинган.

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, тўқимачилик саноати ташкилотлари – замонавий пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлар ташкил этиш ташаббускорларининг 2019 йил пахта хомашёси ҳосилидан бошлаб, республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини ташкил этишнинг кластер шаклида тегишли иловага мувофиқ ташкил этиш ҳамда кенгайтириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчилари уларга ажратиладиган имтиёзли кредит маблағларини агротехнологик хариталар доирасида эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Белгилаб қўйилишича, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчилари томонидан фермер хўжаликларига бериладиган ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ўсимликлар ривожланишининг регуляторлари, дефолиантлар ва бошқа кимёвий воситалар солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди.

Билдирилишича, “Peshkuteks” МЧЖ ҚК, “Namimpekstekstil”, МЧЖ, “Daka Тех” МЧЖ ХК, “Шеробод текстиль инвест” МЧЖ, “Surxonteks” МЧЖ, “Nortex Style” МЧЖ ХК ва “Baht Invest Hamkor Тех” МЧЖ томонидан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини ташкил этишнинг кластер шакллари тугатилган.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини молиялаштириш механизмини жорий этишга доир асосланган таклифлар киритади.

https://kun.uz/news/2019/03/20/hukumat-paxta-toqimachilik-ishlab-chiqarishlari-boyicha-qaror-qabul-qildi

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram