Томорқанинг тотли маҳсули
Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги “Кўмакай” маҳалла фуқаролар йиғини аҳли томорқа иссиқхоналарида помидор, бодринг, булғор қалампири каби сабзавотлар, турли гул кўчатлари парваришлайди.
–710 хонадоннинг 75 гектар томорқаси ноз-неъмат макони, даромад манбаи, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нафиса Қодирова. – Ернинг ҳар қаричи ҳисобда. Оилалар дастурхонидан қишин-ёзин ноз-неъматлар узилмайди.
Маҳалла масъуллари ҳам аҳоли билан ҳамжиҳатликда, режали иш тутади.Уйма-уй юриб, кимнинг қандай экин экиши, қай тартибда деҳқончилик қилишига қизиқади. Ибратли тажрибаларни ўртоқлашиб, муаммолар ечимини топишга кўмаклашади.
Маҳалла фаоллари аввало, ўзлари ибрат кўрсатишга одатланган. Маҳалла раиси Нафисахон опа оиласи маҳалладошлари буюртмасига кўра, уйидаги 2 сотих иссиқхонада 10 минг туп помидор, 2 минг туп бодринг кўчати ўстиряпти. Эҳтиёжмандлар кўчат излаб юрмайди. Йиғин маслаҳатчиси Барчиной Юнусова эса ҳар бири 2 сотихли иккита иссиқхонада помидор етиштирмоқда.
–Иссиқхона плёнкасини уч қават қоплаб, уни табиий йўл билан иситишнинг уддасидан чиқдик, – дейди Барчиной опа. – Иссиқхона ҳарорати илиқ, ниҳоллар баравж ривожланмоқда. Томорқа даромадига кичик чорвачилик фермамиз фойдаси қўшимча бўляпти.
Шу маҳаллада яшовчи Хурсандбек Нурматов тажрибали омилкорлардан. Бир ой илгари 4 сотих иссиқхонага помидорнинг “Махитос” навига мансуб 2 минг туп кўчат ўтқазди. Бугун ниҳоллар бўй кўрсатиб қолди. Хонадон соҳибининг ҳисоб-китобига қараганда, апрелда ҳосил етилади.
Кўмакайликлар томорқадан барака ундириб, фаровонликка эришмоқда.Даромаддан кўркам уй-жойлар қуриб, тўйлар қиляпти, замонавий автомобиллар сотиб олмоқда. Буларнинг барчаси ҳалол меҳнатнинг тотли маҳсули.
Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА