Қамишни балиқ есин-да…

Қамишни балиқ есин-да...

Маълумотларга кўра, кейинги 19 йилда Оролбўйи аҳолиси орасида аллергия билан оғриганлар сони 20 баробарга кўпайган.  

Қамишнинг гуллаган ва қуриган даврида одамлар ундан азият чекмоқда. Нима қилмоқ керак? 

Бу саволга “Шуманай томорқа хўжалиги” масъулияти чекланган жамияти вакиллари жавоб топишди. Улар Ўзбекистонда биринчи бўлиб қамишдан озуқа ишлаб чиқариш корхонасини қуриб битказишди. 

– Чорва озуқаси учун керакли бўлган клечатканинг энг кўп миқдори йўнғичқа ва қамишда бўлар экан, – дейди “Шуманай томорқа хўжалиги” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Роллан Олланиёзов.– Айниқса, балиқ учун муҳим бўлган бу озуқа қамишда кўплигини илмий исботлаб бердик. Шу кунларда қуриган қамишни фермерлар ёқиб, экин учун ер очадиган муддат экан. Биз эса уларга яқиндан кўмак бериб, ана шу қамишларни йиғиб, захира тайёрладик. Корхонамиз кунига 20 тонна қамишни қайта ишлаб, озуқа тайёрлай олади. Қамиш бир йилда икки марта ҳосил беришини ҳисобга олсак, хом ашёдан муаммо бўлмайди. Ҳозирда “Ўзбалиқсаноат” уюшмасидан йирик буюртма олдик. Шунингдек, буюртма асосида унинг таркибини қорамол, қўй ва паррандаларга керакли витаминлар билан бойитиб берамиз.  

photo5407080908034517401.jpg

 Шу кунларда хорижлик инвестор Роллан Олланиёзов билан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Улар аллергияни авж олишини бартараф этиш учун энг биринчи аҳоли пунктларига яқин жойлардаги қамишни ўриб олишни таклиф қилишмоқда. 

“Шуманай томорқа хўжалиги” масъулияти чекланган жамиятида яна бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йили Франциядан гўшт йўналишидаги курка тухумлари олиб келинган эди. Айни вақтда мазкур жамият билан давлат хусусий шерик тамойили билан ишлаётган Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 400 миллион сўм маблағ ажратди. Айни вақтда 21 кунлик жўжалар йигирматадан бошлаб юзтагача аҳолининг талабига кўра тарқатилмоқда. 

– Куркаларга озуқани ҳам ўзим етказиб берамиз ва семиргандан кейин ўзимиз харид қиламиз, – дейди Роллан Олланиёзов.– Шунда уй эгалари куркаларни парвариш қилгани учун пул ишлаб топади. Мақсад аҳолига қўшимча даромад келтириш.  

“Шуманай томорқа хўжалиги” жорий йилда яна бир қатор ишларни режалаштирган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан наслчилик борасида ҳамкорлик қилинаётган бўлса, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан қумда яхши ўсадиган дарахт уруғларини хориждан олиб келиш чоралари кўрилмоқда. Шу боис Мексика ва Хитойдан қумга ва тузга чидамли, тузларни кўчиш хавфини тўхтатишда қўл келадиган 30 метргача ўсадиган дарахтларни олиб келиб, иқлимлаштириш мўлжалланмоқда. 

Сайёра Шоева, ЎзА​​

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram