Ер ҳайдасанг куз ҳайда…

Ер ҳайдасанг куз ҳайда...

Баҳор бошланишига ҳам кам муддат қолди. Айни кунларда мулк эгалари ўз ерларини уруғ қадаш учун тайёрламоқда. Кузда экилган буғдой ҳам бўй чўзиб қолди. 

Тўғри, бу йил қишда об-ҳаво ҳарорати нисбатан илиқ келиб, ёғингарчилик нисбатан кам кузатилди. Зеро, юртимизнинг турли тупроқ-иқлим шароитларида қишлоқ хўжалиги экинларини сунъий равишда суғормасдан туриб кўзланган ҳосилни олиб бўлмайди. Агарда сув манбалари ҳам чегараланганлигини инобатга олсак, тупроқда нам тўплаш, сақлаш ва уруғни (айниқса чигитни) ернинг табиий намига ундириб олиш, ғўза парваришидаги барча агротехника тадбирларни сув ресурсларидан тежамкорлик билан оқилона фойдаланишга қаратиш муҳим аҳамият касб этади. 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан маълум қилишларича, бунда асосий муаммо тупроқнинг 8-10 сантиметр юза қатламидаги намни сақлаб қолиш учун ўтказиладиган бороналашни мақбул муддатда ўтказишдан иборат. Агар бу тадбир барвақт ўтказилса тупроқнинг зичлашишига олиб келади, аксинча, кечикиб ўтказилганда эса тупроқ юзасида нам етишмаслигидан тўлиқ ниҳол олишнинг имкони бўлмайди, кўчат сийрак бўлиб қолади. 

Мутахассисларнинг маълум қилишича, тупроқда етарли даражада нам тўплаш ва сақлаш кузда ерларни шудгорлаш, текислаш, тупроқ шўрини ювиш ва бошқа тадбирлар билан чамбарчас боғлиқдир. Кўп йиллик тажрибаларга қараганда, шамол эрозияси кучли ҳудудлар, яъни Қўқон гуруҳи туманларининг енгил тупроқларида ер асосан эрта баҳорда шудгор қилинади. Сўнгра майдонларда намликни йўқотмаслик ва сақлаб қолиш мақсадида пешма-пеш борона қилинади. 

Агарда кузда шудгор остига минерал ўғитлар солинмаган бўлса, айни кунларда шўр ювилган майдонларда экиш олдидан фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг 60-70 фоизи ҳамда калийли ўғитлар йиллик меъёрининг 50 фоизи солинади. Белгиланган ўғитлар ўз муддати ва меъёрида қўлланилмаса, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик йил сайин пасая боради. Қолаверса, кузда шудгор қилиниб, шўри ювилган майдонларда ҳайдов қатлами зичлашмаган бўлса, 8-10 см чуқурликда 2 қаторли зиг-заг борона билан бороналанади. Бороналаш пайтида ажриқ, ғумай, қамиш ва бошқа кўп йиллик бегона ўтлар илдизи тозаланиб, даладан йиғиб-териб олиниб, ёқиб юборилади. 

Ўйлаб кўриладиган бўлса, ердан олинадиган ҳосил уни ўз вақтида яъни кузда сифатли шудгор қилиш ишларини бажарилганига ҳар жиҳатдан боғлиқдир. Зеро, ёзда олинажак мўл ҳосил учун замин кузда ва баҳорда яратилади. 

ЎзА​​

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram