Экин майдонлари кўрикдан ўтказилмоқда
Қиш фасли ҳам охирлаб, юртимизда баҳор нафаси сезилиб қолди. Демак, деҳқонларимизнинг тиним кунлари тугаб, экин-текин ишлари бошланадиган кунлар ҳам бошланди.
Мутахассислар қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил етиштиришда шудгорлашнинг аҳамияти беқиёс экани ҳақида кўп бора таъкидлашади. Уни ўз вақтида, сифатли ўтказган деҳқон ҳеч шубҳасиз мўл ҳосилга пухта замин яратади. Шу боис, майдонларда шудгорлашни агротехника қоидаларига тўлиқ жавоб берадиган тарзда кечиктирмасдан, сифатли ўтказишга давлатимиз миқёсида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада мулк эгалари куздаёқ барча агротехника тадбирларини бажариб, баҳор келишидан олдин, дала атрофини текислаш ишларини олиб боришмоқда.
Айни вақтда баҳорги юмушларни бошлаш арафасида, экин майдонлари яна кўрикдан ўтказилмоқда.
– 70 гектар еримиздаги шудгорлаш ишларини кузда бажариб қўйганмиз, – дейди Андижон вилояти Асака туманидаги “Баҳриллик Фаррухбек ери” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Сиддиқов. – Ҳозирда ерни текислаш ишлари олиб борилмоқда. Биз шудгорлашни икки ярусли плуглар билан бажарганмиз. Техниканинг бу туридан фойдаланиш далаларда бегона ўтларнинг униб чиқишини 2-3 марта камайтириш ва ҳосилдорликни гектарига бир неча центнерга ошириш имконини беради. Чунки, улар тупроқ ҳайдов қатламини икки қисмга ажратиб, ағдаради. Бунда тупроқнинг унумдор қисми пастга, озуқа моддалари кам бўлган пастки қисми тепага ағдарилади. Бу эса солинган ўғитлар, ўсимлик қолдиқлари, бегона ўтлар ва уларнинг уруғларини чуқур кўмилишини таъминлайди ҳамда вегетация даврида экиннинг жадал ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Албатта, шудгорлашнинг фойдасини кўпни кўрган деҳқонга уқтиришга ҳожат йўқ. Улар аксарият ҳолларда кўп йиллик тажрибасига суянади. Бироқ, тажриба мутахассис маслаҳати билан омихта бўлса, ўз самарасини янада яққол намоён этади.
ЎзА