Рақамли дипломатия ва мамлакат бренди: ижтимоий тармоқлар ўзбек сиёсатчиларига керакми?

Кўпчилигимиз жаҳон сиёсат тахтасидаги кучли фигураларнинг ижтимоий тармоқлардаги пост ва твитларини тез-тез кўриб турамиз. Маълум сиёсий вазият, ташқи муносабатларда ўзининг позициясини билдириш учун ижтимоий тармоқлар – Facebook, Twitter ва Instagram кабилар ҳақиқий медиа қурол вазифасини ўтамоқда. Чунки айнан улар орқали тўғридан-тўғри сиёсатчи ва оддий аҳоли вакиллари ўртасида кўприк ўрнатилади.

Бу кўприкнинг қанчалик мустаҳкам ва ишончли эканлиги «рақамли дипломатия» воситаларидан самарали фойдаланиш даражасига боғлиқ. Йил бошида Ташқи алоқаларни йўлга қўйишда Ўзбекистонда ҳам «рақамли дипломатия» воситалари ривожлантирилиши ҳақида хабар берилганди.

Дастурни бажариш учун масъул ташкилотлар сифатида Ташқи ишлар вазирлиги, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти кўрсатилган, ижро эса 2019 йил 20 июлгача таъминланиши керак эди.

«Рақамли дипломатия» нима ўзи?

Рақамли (электрон) дипломатия – бу дипломатик масалаларни ҳал қилиш учун интернет ва ахборот-технологиялари имкониятларидан фойдаланиш демакдир. Рақамли дипломатия доирасида янги медиа воситалар, ижтимоий тармоқлар, блоглар ва глобал тармоқнинг шу каби медиа майдонларидан фойдаланилади.

Жаҳон сиёсатида бундай турдаги дипломатияда одатда анъанавий ҳукумат идоралари (аввало, ташқи сиёсат билан шуғулланувчи), нодавлат ташкилотлар фаол иштирок этади. Рақамли дипломатиядан кўзланган асосий мақсад — ташқи сиёсат бўйича манфаатлар, ахборий тарғиботни Интернет-телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали олиб боришдир.

Ушбу атама дастлаб рақамли технологияларга таяниб фаолият олиб борилган АҚШ ижтимоий сиёсатига нисбатан ишлатилган. Атама «Интернет-дипломатия», «ижтимоий тармоқлар дипломатияси» ва «Web 2.0 дипломатияси» сифатида ҳам ишлатиб келинади.

Бу соҳадаги илк дастурлар 2002-2003 йилларда кичик Жорж Буш ташвиқотининг анъанавий воситалардан радио ва телеканаллардан интернетга кўчиши билан ривожланишни бошлаган. 2006 йилда эса Давлат котиби Кондолиза Райс томонидан ижтимоий тармоқларда фойдаланувчиларнинг АҚШ ҳақидаги маълумотлар ва дезинформация постлари мониторинги билан шуғулланадиган мутахассислардан иборат Рақамли ҳамкорлик гуруҳи ташкил этилган. Ўша вақтнинг ўзидаёқ Давлат департаментининг расмий блоги ва ҳукумат портали очилган.

2009-2011 йилларда АҚШ Давлат департаментида сиёсий режалаштириш бўлими директори Энн-Мэри Слотернинг фикрларига кўра, нисбатан соз ва тармоқланган ахборот канал ва коммуникацияларига эга давлатлар куннинг глобал мавзусини қўя олиш имконига эгадирлар.

Ҳозирда дунё бўйлаб турли давлат раҳбарлари, вазирлик ва ташкилотлари, сиёсий арбобларининг расмий саҳифалари ижтимоий тармоқлардаги ижтимоий фикрни ўз манфаатлари, сиёсий қарашлари таъсирида ушлаб турибди.

Асосан Twitter тармоғида «рақамли дипломатия» ва баҳслашувчи томонларнинг мунозарасига «твипломатия» (Twiplomacy) атамаси билан таъриф берилади.

Бугунги кунда Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларда расмий тасдиқ белгисига эгалик, постлардаги ягона тартиб ва фаоллик бўйича АҚШ, Канада, Туркия, Ҳиндистон, Россия, Япония, Буюк Британия, Эрон Ислом Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Франция ва айни кунларда Венесуэла сиёсатчилари етакчилик қилмоқда.

Ўзбекистоннинг «рақамли дипломатия»даги ҳозирги ҳолати қандай?

twiplomacy.com сайти статистикасига кўра, Twitter’даги Ўзбекистонда энг фаол ва муҳим саҳифалар – Президент Шавкат Мирзиёев матбуот хизмати, Бош вазир Абдулла Арипов, gov.uz портали ва Ташқи ишлар вазирлиги саҳифаларидир.

Дунёдаги етакчи раҳбарлар ва ташкилотлар орасида Президент Шавкат Мирзиёев матбуот хизмати кўрсаткичлари қуйидагича:

Президент матбуот хизматини Twitter’да 7 мингдан ортиқ, Instagram’да эса бир миллиондан ортиқ фолловер кузатиб борса, Facebook’даги расмий саҳифага 195 мингдан ортиқ фойдаланувчи лайк босган.

Инстаграмда фаол етакчилар элликталик рўйхатларида эса Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати томонидан юритилувчи саҳифалар турли тоифаларда қуйидаги ўринларда:

  1. Энг кўп мулоқот қамровига эга 50 дунё етакчилари – 9 млн фойдаланувчи, 14-ўрин. (1-ўринда АҚШ президенти Дональд Трамп, 229 млн фойдаланувчи)
  2. Энг кўп мулоқот қамровига эга (бир постга нисбатан) 50 дунё етакчилари – 12570 фойдаланувчи, 27-ўрин. (1-ўринда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, 1056992 фойдаланувчи)
  3. Энг фаол 50 дунё етакчилари (кундалик постлар сони) – кунига ўртача бир пост, 42-ўрин (1-ўринда Бруней Бош вазири идораси – кунига ўртача 17 пост)

Бир қарашда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати томонидан юритилаётган саҳифалар ТОП-50таликка кирганининг ўзи ҳам «рақамли дипломатия» соҳасида силжишлар борлигини кўрсатиши мумкин, лекин глобал миқёсда ижтимоий тармоқлардан тизимли ва тартибли фойдаланаётган АҚШ, Канада, Туркия каби давлатлар тажрибасини ўрганиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

«Хьюстон, бизда муаммолар бор»

Бундан икки йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинганди.

Икки йил давомида ҳам ташқи, ҳам ички сиёсатда турли янгиликлар, аввал ҳукумат идоралари ва жамиятимизга нотаниш бўлган самарали усулларга мурожаат этилди. Баъзи вазир ва депутатлар Facebook, Twitter ва ҳатто Instagram’да ҳам ўз саҳифаларини очишни бошлади.

Бундан умидланган ижтимоий тармоқдан фойдаланувчи ўзбекистонликлар фаол тарзда ўз савол ва фикрларини йўллаб, муҳокама ва мунозараларга қўшила бошладилар. Таассуфки, ижтимоий тармоқларда кечган ўзаро мулоқот бир ярим йил давом этди холос.

Мана ярим йилдан кўпроқ муддат Ўзбекистонда Facebook ва YouTube’га киришда дуч келинаётган муаммоларга аниқ изоҳ берилгани йўқ. Аниқ изоҳ берилмас экан, табиийки, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчи аҳоли орасида шубҳа пайдо бўлади.

«Балки ёзаётганларимиз «каттаконлар»га қаттиқ таъсир қилаётгандир», «Виртуал қабулхоналар муаммоларни яна ҳокимиятга қайтариб жўнатворади-ку барибир. Халқ билан ҳақиқий мулоқот тугадими?», «Додимизни ким эшитади?», «Қачон биз ҳам одамга ўхшаб Интернетдан фойдаланамиз? VPN нима дегани?» каби савол-у гаплар тез-тез қулоққа чалиниб турибди.

Хусусан, сўз эркинлиги ва ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ масалага британиялик элчи, дипломат Кристофер Аллан ҳам тўхталиб ўтганди

«Ҳарқалай Ўзбекистон бу соҳада ривожланмоқда. Сўз эркинлигини таъминлаш учун вақт ўтган сайин дадил қадамлар ташланмоқда. Ҳамма қадамлар ҳам ижобий бўлмаяпти ва сиз буларни таъкидладингиз. Шунингдек, мен катта ресурсга эга ижтимоий тармоқларга уланишда кузатилаётган қийинчиликлардан хабардорман».

Мамлакат бренди ва сиёсатчиларнинг асл имижи (қиёфаси) айнан мана шу оддий масалаларни ҳал этишдан шаклланиб боради. Ўзаро мулоқот эса унинг самарадорлигини оширади.

Яна бир табиий савол туғилади – Ўзбекистон жаҳон миқёсидаги турли рейтингларда, асосан, салбий ўринларда эканлигининг бош сабаби ҳеч ўрганиб кўрилганми? Коррупция даражаси, сўз эркинлиги…

Турли рейтинглар қонунларнинг, вазирлик ва сиёсий партияларнинг амалда халқ манфаатини қанчалик ҳимоя қила олиши даражаси ҳисобга олиниб тузилади.

Мамлакат бренди ва рейтинглар нега керак?

Сиёсат фанлари доктори, профессор Алишер Файзуллаевга кўра, брендинг тушунчаси нафақат товар ва хизматлар учун, балки давлатлар, миллатлар, шунингдек, маълум жойлар учун ҳам қўлланилади. Мамлакат бренди – унинг ўзига хос, жозибали ва таниқли имижини шакллантириш демакдир. Мамлакат бренди одамларга тушунарли, жамият учун аҳамиятли, уникал (ўзига хос – бошқа мамлакатлар брендидан ажралиб турадиган) ва маълум қадриятларни ўзида намоён этиши керак. Буларнинг барига эришиш учун эса ҳукумат томонидан ёндашув, катта профессионализм, вақт ва воситалар талаб этилади.

Миллат брендинги тушунчасини (nation branding) 1996 йилда британиялик олим ва маслаҳатчи Саймон Анхольт муомалага киритган. Шундан буён миллат ва мамлакат имижи тушунчаси ва тарғиботи учун концептуал воситага айланиб улгурди.

Ўзбекистоннинг ичида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳақиқатда амалга ошиши ва қанчалик самарали кечаётгани унга нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг сиёсий муносабатларида ҳам ўз аксини топади.

Мисол учун, Ўзбекистонда баъзи масъул ташкилот раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқини поймол этиши ёки сўз эркинлигини чеклаши, бирор ҳокимнинг ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатга йўналтириши – ҳамма-ҳаммаси ҳисобга олиб борилади. Қарабсизки, жаҳон сиёсатидаги имижимизни кўрсатиб берувчи рейтингларнинг халқаро мулоқотда салбий таъсири сезила бошлайди.

Яна бир мисол, кўпинча биз турли соҳада тажриба алмашадиган Россия Федерациясида ҳам ўтган йили Telegram билан боғлиқ воқеалар мамлакатнинг халқаро имижини, унинг ҳукуматига нисбатан фуқаролари ишончини янада тушириб юборди.

Бу каби мисоллар, у хоҳ тармоқ ва мессенжерлар блокланиши, хоҳ фуқароларга нисбатан беписандлик билан қараш бўлсин, айниқса, авторитар бошқарув шаклидаги давлатларда тез-тез учраб туради.

Ўзбекистонда эса ҳозирча VPN орқали тармоқлардан фойдаланишга интилиш, кундалик турмушда расмийлар билан учраб турадиган баъзи тушунмовчиликлар ҳам шу мисолларни эслатиб юбориши мумкин. Бу эса ислоҳотларнинг реал амалга ошишини истаётган, меҳнат қилаётган ва четдан чақириб олинаётган мутахассислар, ҳатто ўзбекистонлик вазир ва сиёсатчилар ҳам англашилмовчиликлар марказида қолишига сабаб бўлмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев Парламентга илк мурожаати давомида ижтимоий тармоқлар масаласига урғу бериб, давлат амалдорлари, сиёсатчиларни ижтимоий тармоқларда фаол бўлишга, халқ билан яқиндан мулоқот қилишга чақирганди.

Депутат Расул Кушербаевнинг Kun.uz билан суҳбатида ҳам шу жиҳатга тўхталиб ўтилганди: «Шунинг натижасида, тармоқларда саҳифаларимизни очдик, очиқча ишлашга ҳаракат қилдик. Шунга замин пайдо бўлди. Ким бундан қай даражада фойдаланяпти, бу унинг ўзига ҳавола», – деганди у.

Чиндан ҳам, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари номидаги йил ўтган бўлса-да, ўзининг вазифаси нимадан иборат эканлигини тўла ҳис қилаётган сиёсатчиларимиз ҳам йўқ эмас (Уларнинг барчасининг исм ва лавозимларини бирма-бир келтириб ўтишга ҳожат йўқ, амалдаги ишларини халқнинг ўзи баҳолайди).

Ўзбекистон ташқи сиёсатида «рақамли дипломатия»ни шакллантириш учун нималарга эътибор бериш зарур?

Мақола аввалида «рақамли дипломатия» шаклланиб улгурган ва ривожланган давлатларни санаб ўтдик. Ўзбекистондаги вазиятдан келиб чиққан ҳолатда етакчилар қаторига қўшилиш учун нималарга эътибор бериш зарур?

Биринчидан, вазирлик ва давлат ташкилотлари раҳбарлари, ходимлари ўзининг вазифаси нима эканлигини аниқ билиб олиши, унга виждонан ёндашиши, қоғозбозлик, кўзбўямачиликдан воз кечиши керак;

Иккинчидан, Ўзбекистонда Интернет тезлиги оширилиши ва ижтимоий тармоқларга кириш учун имконият бўлиши зарур;

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати, вазирликлар ва давлат идоралари матбуот хизматлари учун брендинг ва имижмейкинг бўйича глобал даражадаги экспертларнинг ижтимоий тармоқда этика, психология ва постлар дизайни бўйича маҳорат дарсларини ташкил этиш зарур;

Тўртинчидан, биринчи босқичда Ўзбекистон Республикасининг вазирлик, давлат ташкилотлари саҳифаларида ўзбек тилидан (лотин ёзувида) фойдаланишни тўла ташкил этиш, иккинчи босқичда ташқи сиёсий мулоқотни инглиз тилида бошқа давлатлар сиёсий доиралари билан ижтимоий тармоқларда олиб боришни ташкил этиш керак;

Қуйида Туркия «рақамли дипломатияси» тажрибасидан баъзи мисоллар келтириш ўринли:

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Twitter’даги расмий саҳифасини 13,4 млн фойдаланувчи кузатиб боради. Саҳифа расмий тасдиқ белгисига эга. Саҳифанинг ён бурчагида Twitter томонидан Туркия собиқ бош вазири Аҳмет Довудўғли ва Туркия президенти саҳифаси тавсия этилмоқда.

Қуйидаги скриншотда эса мамлакат ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлининг расмий саҳифаси келтирилган. Уни 1,28 млн фойдаланувчи кузатиб боради, унинг ўзи 107 саҳифани кузатади ва унинг саҳифасида ҳам расмий тасдиқ белгиси бор.

Бунда сиёсий арбобнинг саҳифа муқовасига эътибор қаратамиз. Икки логотипнинг ҳам Туркия сиёсатида муҳим аҳамияти бор – бири 2016 йил июль воқеалари, иккинчиси эса Ташқи ишлар вазирлиги рамзлари. Ўнг бурчакда Мавлуд Човушўғлининг минбардан қасамёд қилаётган сурати мавжуд ва бу фойдаланувчилар руҳиятига таъсир қилиб, сиёсатчига нисбатан ишончни мустаҳкамлайди.

Мавлуд Човушўғли 107 саҳифани кузатиб боришига тўхталдик. Ташқи ишлар вазири давлат раҳбарининг саҳифасини кузатиб боради, қолган саҳифаларнинг катта қисми турк вазир ва сиёсатчилари, дунё етакчилариникидир:

Эътиборли жиҳати, Туркия ташқи ишлар вазири ОАВ расмий саҳифаларни ҳам кузатиб боради. Турк «рақамли дипломатия»сига хос яна бир жиҳат – бу бир вазир саҳифаси бошқа вазир томонидан кузатиб борилади. Ҳар бир вазир бир-бири билан ижтимоий тармоқлар орқали ўзига хос ретвит ва лайклар тилида мулоқот қилади.

Кези келганида Twitter’даги бир твит ташқи муносабатларда муҳим аҳамият касб этади. Сиёсатчиларнинг расмий саҳифасидан ёзилган твит ёки пост катта медиа тўлқинга сабаб ҳам бўлган вазиятлар кўп учраб туради.

Мирзаёр Эркинов

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram