Бухорода янги ўрмон пайдо бўлади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД), Глобал экологик жамғарма ва «Давергеодезкадастр»​ қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа маблағлари ҳисобидан Бухоро вилоятида янги ўрмон барпо этилмоқда.

Унга кўра, Қоракўл туманининг Қоракўл давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида 1000 гектар, Қоракўл ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида эса 300 гектар, жами 1300 га майдонда қора саксавул ниҳоли кандим ва черкез ўсимликларининг уруғи билан биргаликда экилди. Бу ҳақда БМТ вакили Kun.uz’га хабар берди. 

Ушбу ишлар «Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларида суғорилмайдиган қурғоқчил ерларни рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. 

«Қишнинг серёмғир ва чўл ўсимликларини экиш учун мақбул бўлган вақтидан унумли фойдаланган ҳолда озуқабоп чўл ўсимликларини экилиши юқори унувчанлик натижаларини беради. 

Ушбу ўсимликлар ўсиб чиққанидан сўнг ўрмон хўжалигига ҳудудида «Яшил қалқон» – яшил иҳотазорларни ташкил қилиб, биохилма-хилликни таъминлаш, қум кўчишининг олдини олиш ва уларнинг майдонини камайтириш, экология мусаффолигини таъминлаш билан биргаликда бу ҳудудларда ҳайвонот дунёсининг ҳаётини тиклаш ва ривожлантириш, бошқа турдаги ўсимликларни ўсиши учун мақбул шароитлар яратиш, ўрмон хўжалиги ҳудудларини экологик-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга барқарор пойдевор бўлади», – дейилади БМТ ахборотида. 

Маълум қилинишича, лойиҳа маблағлари ҳисобидан Қоракўл туманида табиий ўрмонлар майдонини кенгайтиришга ҳисса қўшиш билан бир вақтда туман фермер хўжаликлари учун 63 минг дона сифатли, серҳосил тут кўчатлари етказиб берилди. 
Ушбу кўчатлар ёрдамида суғориладиган ер майдонларининг атрофида тизимли иҳотазорлар ёки махсус тут плантациялари ташкил қилиниши режалаштирилган.​

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram