Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг аъзолик бадали белгиланди

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг аъзолик бадали белгиланди

Ўзбекистон Молия вазирлиги, Марказий банк бошқаруви ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг аъзолик бадалини Ўзбекистон фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ўтказиб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг аъзолик бадалини Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ўтказиб бериш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, аъзолик бадаллари Кенгаш тизимини молиялаштириш учун туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг махсус ҳисобварағига ўтказиб берилади. Туман кенгашлари томонидан келиб тушган аъзолик бадаллари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг махсус ҳисобварағига, ҳудудий кенгашлар томонидан эса Кенгашнинг махсус ҳисобварағига ўтказилади.

Кенгашга аъзолик бадали қуйидагича белгиланади:

·     пахта хом ашёси ҳамда донли экинлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари учун пахта хом ашёси ҳамда доннинг харид нархидан 0,8 фоиз миқдорида;

·      бошқа фермер хўжаликлари учун улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишдан тушган пул маблағларининг 0,5 фоизи микдорида;

·      деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари учун Кенгашга аъзолик тўғрисидаги шартномада кўрсатилган миқдорда.

Кенгашга аъзолик бадалларини кирим қилиш учун туман кенгашларига тижорат банкларида алоҳида 22626-сон махсус ҳисобвараклари ҳамда кенгашларнинг даромад ва харажатлари учун 20212-сон асосий ҳисобварақлари очилади.

Фермер хўжаликлари томонидан ҳар йили пахта хом ашёси ҳамда донли экинлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари учун пахта хом ашёси ҳамда доннинг харид нархидан 0,8 фоиз микдордаги, бошқа фермер хўжаликлари учун улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишдан тушган пул маблағларининг 0,5 фоизи фермер хўжаликларининг 23210-сон махсус ҳисобварағига кирим қилинган маблағлар ҳисобидан аъзолик бадали суммаси мутаносиб равишда ойма-ой туман кенгашлари томонидан шартномага мувофиқ қўйиладиган тўлов талабномалари ва фермер хўжаликларининг тўлов топшириқномалари асосида туман кенгашларининг 22626-сон махсус ҳисобварағига ўтказиб берилади.

Деҳқон хўжаликлари ҳамда томорка ер эгаларининг аъзолик бадали, туман кенгаши билан тузилган аъзолик тўғрисидаги шартномада кўрсатилган микдор ва муддатларда ўтказиб берилади.

Туман кенгашларининг 22626-сон махсус ҳисобварағига аъзолик бадаллари учун келиб тушган маблағлар кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда банк ҳисобварағи шартномасига асосан тўлов топшириқномаси ёки мемориал ордер орқали тўлиқ ҳудудий кенгашнинг алоҳида 22626-сон махсус ҳисобварағига ўтказилади.

Ҳудудий кенгашнинг алоҳида 22626-сон махсус ҳисобварағига туман кенгашларидан келиб тушган маблағлар кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда банк ҳисобварағи шартномасига асосан тўлов топшириқномаси ёки мемориал ордер орқали тўлиқ Кенгашнинг алоҳида 22626-сон махсус ҳисобварағига ўтказилади.

Деҳкон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг аъзолик бадали Кенгаш билан тузилган шартномаларга асосан белгиланган тартибда туман кенгашларининг 22626-сон махсус ҳисобварақларига ўтказиб берилади.

Кенгаш ва унинг ҳудудий ҳамда туман кенгашлари ҳисобварақларига тушган хайрия маблағлари ва грантлар, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар (фойда) ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар уларнинг асосий ҳисобварақларига кирим қилинади ва мазкур кенгашлар тасарруфида қолади. Ушбу маблағлардан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз Уставида кўрсатилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланилади.

Кенгашга, ҳудудий ва туман кенгашларига уларнинг Уставида белгиланган вазифалар доирасида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш юзасидан мажбурият юклатилади.

Кенгаш билан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган аъзолик шартномалари доирасида томонларга олган мажбуриятини бажариш ҳамда аъзолик бадалларини белгиланган муддатларда тўлаб бериш мажбуриятлари юклатилади.

Ҳужжатга мувофиқ, Молия вазирлиги, Марказий банки Бошқаруви ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Фермер хўжаликларининг аъзолик бадалини Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ўтказиш ва тасдиқланадиган смета асосида харажат қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ўз кучини йўқотди.

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram