Тўрт ойда 772 нафар тингловчига сертификат топширилди
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги “Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат хизмати” унитар корхонаси жойлардаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ўрнатилган тартибда консалтинг хизматларни кўрсатиб, илм-фаннинг соҳага оид янгиликларини амалиётда татбиқ этишда фаол иштирок этмоқда.
– Биз тўрт йўналишда сайёр ўқув қурслари ҳам ўтмоқдамиз, – дейди корхона директори Фахриддин Фазлиев. – Фермер хўжаликларини комплекс ривожлантириш бўлими, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўлими, ижро интизоми, юрист ва ходимлар билан ишлашни ташкил этиш каби йўналишларда мутахассисларни ўқитмоқдамиз. Мазкур ўқув курсларида ўтган йилнинг сентябрь-декабрь ойларида 772 нафар тингловчи иштирок этди. Уларга ўрнатилган тартибда сертификатлар топширилди. Ўқув курслари давомида вилоятларнинг солиқ, адлия бошқармалари, Божхона қўмитаси ҳамда банк мутахассислар ҳам иштирок этиб, жойлардаги соҳага оид ҳужжатлар ижроси юзасидан тингловчилар билан ўзаро фикр алмашилди. Тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, унитар корхонанинг саъй-ҳаракатлари эвазига бир қанча фермер хўжалик раҳбарлари қишлоқ хўжалик соҳасидаги етакчи чет эл давлатларида тажриба алмашди ва халқаро қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаларида иштирок этди. Жорий йилда чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик ва паррандачиликка ихтисослашган кўп тармоқли фермер хўжаликлари раҳбарларининг малакасини доимий ошириш, инновацион ҳамда замонавий технологиялардан фойдаланиб, уларнинг даромадини кўпайтириш юзасидан малака ошириш курслари ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, боғдорчилик ва мева-сабзавотлар етиштириш, уларни сақлаш ва қайта ишлаш, экспортга тайёрлаш масаласи бўйича чет эл технологияларидан фойдаланишни мулк эгаларига ўргатиш, маҳсулотларни экспорт қилиш учун зарур бўлган халқаро стандартлар (Global G.A.P ва ҳоказо) сертификатларини олиш юзасидан илмий амалий семинар-тренинглар ташкил этилади. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бераётган имтиёзли кредитлар учун консалтинг хизматлар кўрсатиш, бизнес-режалар тузиб бериш ишлари давом этади.
Сайёра Шоева, ЎзА