Чинозда кунига 70 литргача сут берадиган сигир бор эмиш.
Тошкент вилояти Чиноз туманида хориждан келтирилган, кунига 70 литргача сут берадиган сигир бор эмиш…
Биз Абдумажид Садиров раҳбарлик қилаётган наслчилик хўжалигида бўлганимизда, бу миш-мишнинг тўғрилигини, ана шу рекордчи сигирни борлигини кўрдик.
– Тўғри, Австриядан олиб келинган зотдор қорамоллар орасидан биттагина Лиона лақабли сигир ана шундай кўп миқдорда сут беради, – дейди фермер А.Садиров. – Лекин, бундай кўп миқдорда сут бериши яхши эмас, чунки кўп сут бергандан кейин тез қарийди. Ахир бир литр сут таркибида 50 грамм ёғ, 35 грамм оқсил мавжуд. Бир кунда 30 литр сут берган сигир бир килограмм оқсил билан бир ярим килограмм ёғ йўқотади. Уни жойини тўлдириш учун эса кучли озуқа керак. Қачонки, етарлича озуқа билан таъминласак, чорвадан юқори маҳсулот оламиз. Сигирнинг умрини узайтириб, бола олишни кўпайтиришга эришамиз. Ўнлаб, сигирлар орасидан бўйининг баландлиги билан ажралиб турган бўлса-да, нисбатан озғин Лионага қараб, бу гапларнинг ҳақиқат эканига ишондик. Тўғри, у йил давомида эмас, фақат лактация вақтида бир неча ой давомида рекорд даражада сут берар экан. Хўжалик сутчиликка ва наслли бузоқлар етиштиришга ихтисослашган. 2009 йилда Украинадан 40 бош наслли қорамол олиб келинган. Сўнгра, 2010, 2012, 2015 йилларда Австриядан олиб келинган наслли қорамоллар эвазига хўжаликда чорва сони минг бошга етди. Уларнинг ҳар биридан ўртача 30 литр сут олинмоқда. Бизни қизиқтиргани фермер хўжалигида жуда кўп қорамол бўлса-да, халқ тилида айтганда оғилхона кўрмадик. Ҳаво совиб бораётган бўлса-да, чорва моллари атрофи очиқ бостирмаларда парваришланмоқда. – Хориждан олиб келинган қорамолларга жуда иссиқ керак эмас, уларга мўътадил ҳаво бўлса, етади, – дея изоҳ берди фермер. – Бизда иқлим иссиқ. Қиш ҳам жуда совуқ бўлмайди. Ҳамма томони ёпиқ, иссиқ бинода бу қорамоллар битлаб кетади. Дим шароитда ҳавода аммиак моддаси кўпайиб, молнинг соғлиги ёмонлашиб, маҳсулдорлиги тушиб кетади. Шунинг учун баланд, елвизак бўлмайдиган бинода боқишни йўлга қўйдик. Озуқа етарли бўлса, совуқ қўрқинчли эмас. Хўжаликда бир сигирдан йилига ўртача 7 тонна сут соғиб олинмоқда. Келгуси йилда эса кўрсаткични йилига 7,5 тоннага етказиш мўлжалланмоқда. Ваҳоланки, мазкур қорамоллар ўз ватанида йилига ўртача 9 тоннадан ортиқ маҳсулот бериши ҳақида эшитганимиз бор. Агарда маҳсулдорлик паст бўладиган бўлса, хориждан қиммат нархларда олиб келишнинг нима қизиғи бор? деган саволимизга Абдумажид ака шундай жавоб берди. “Айрим фермерлар четдан келтирилган қорамоллар бизга мослашиши қийин, етарлича маҳсулот бермаяпти, дейишмоқда. Мен бу фикрларга қўшилмайман. Чунки, чорванинг энг асосий талаби озуқа. Агарда сифатли озуқа етарли бўлса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди.” Айни вақтда хўжаликнинг 137 гектар ери бор. Унда чорва учун маккажўхори, арпа, қанд лавлаги ва йўнғичқа етиштирилаётган экан. Сабаби, бу экинлар энергияга бой бўлиб, сутни кўпайтирар экан. Ердан унумли фойдаланиш мақсадида такрорий экин етиштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Кузда экилган арпа май ойида тайёр бўлади, ундан кейин экилган маккажўхори эса сентябрда йиғиб олинади. Шунда йилига ҳар гектардан 90-100 тонна озуқа жамғарилмоқда. Фермернинг айтишича, етиштирилган бу ҳосил чорванинг кунлик талабини 70 фоизини тўлдирар экан. Қолган қисми учун керак бўлган оқсилга бой озуқалар билан чорва молларни сурункали таъминлашнинг имкони бўлмаётган экан. Агарда бу масала ҳал этилса, 70 литр сут берадиган қорамоллар сони ортган бўлармиди?. Фермер фаолияти юксалиши, таннарх арзон бўлиб, маҳсулот кўпайиши учун барча чорани кўрмоқда. Шу мақсадда инновациялардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. – Ривожланган давлатларга тажриба ўрганиш учун кўп борганман ва бир қатор янгиликларни ўрганиб келдим, – дейди А. Садиров. – Мисол учун, маккажўхорини орасини кенг қилиб, 55-60 минг дона экардик ва гектаридан 500 центнердан ошиқ ҳосил олиб келаётгандик. Икки йилдан буён Туркияда ўрганиб келганим каби 80 минг дона кўчат экиб, гектаридан 650-700 центнердан ошириб ҳосил оляпмиз. Қорамолни озуқасини охурдан ҳар икки соатда қайтариб туриш керак. Буни қўлда бажариш оғир ва кўп вақт олади. Бу меҳнатни осонлаштириш ва тезлаштириш учун тракторга оддий балонни улаб, бу борада қўл келадиган техника яратиб олдик. Фермер хўжалигида ўрганишга арзийдиган тажрибалар, илмий ёндашув жуда кўп экан. Ҳозирда муаммо бўлиб турган кучли озуқа масаласи ҳал бўлса, 70 литр сут берадиган сигирлар ҳақида миш-мишлар янада кўпайса, ажаб эмас.
Сайёра Шоева, ЎзА