Навбаҳорлик тадбиркор банан,папая,мандарин етиштирмоқда
Орамиздаги замондошларимиз
Юртимизда ўзини ўзи банд қилишга, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Навбаҳор туманида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида тадбиркор Фарҳод Очилов хонадонида бўлдик.
Маҳаллада “серқирра тадбиркор” номи билан машҳур Ф.Очилов туманнинг Навкар маҳалласида истиқомат қилади. Унинг хонадонига киришингиз билан кўзингиз қувнаб, кайфиятингиз кўтарилади. Йўлаклар узра экилган араб аноридан тортиб, турли узум ниҳоллари эътиборингизни тортади.
У ноанаъанавий бизнесга қўл урган. Тўрт фаслда ҳам тиним билмайдиган тадбиркор тропик мевалар кўчатларини етиштириб, нафақат тумандошлари, балки республикамизнинг турли ҳудудларига етказиб бермоқда.
Даставвал 2 сотихдан иборат томорқасига Хитой, Ҳиндистон давлатларидан келтирилган цитрус меваларнинг кўчат, уруғларини экиб, парваришлади. Айни пайтда биргина бананнинг 4-5 хил нави, папая, тувакларга экилган мандарин ҳосилга кирган. Сон-саноқсиз кўчатлар бўй чўзмоқда.
– Банан кўчатларини ерга қадагандан сўнг 14-15 ойдан кейин секин- аста мевалари етила бошлайди, – дейди Ф.Очилов. – Баҳор, ёз ойларида ҳаво ҳароратининг иссиқлиги туфайли ҳосил мўл ва баракали бўлади. Битта банан дарахти 23-24 килограмгача, донага ҳисобласа 300-350 тагача мева бериши мумкин. Харидорлар уйдан келиб олиб кетишади. 1-2 ой олдиндан буюртма берувчилар ҳам бор. Кўчатни ҳосил бериш муддатини ҳисобга олган ҳолда экиб, парваришланса, йил 12 ой давомида даромад олса бўлади.
Бугун Фарҳоднинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқувчилар сони ортиб бораяпти. Хоразм, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро вилоятларидан банан етиштиришга қизиқадиган тадбиркорлар келиб, ундан банан ва папаяни ўстириш сир-асрорларини ўрганиб кетишмоқда.
Фарҳод билан суҳбатлашар эканмиз, унинг режалари билан қизиқдик. Унинг таъкидлашича, ҳозир ер олиб, фаолиятини кенгайтириш мақсадида иссиқхона қурмоқда. Банан, папая, мандарин кўчатларини кўпайтириш ниятида. Шунингдек, балиқчилик, асаларичилик ва парандачилик йўналишларида ҳам ўзини синаб кўрмоқчи.
Абдували Бўриев,
ЎзА мухбири
https://uza.uz/uz/posts/navbahorlik-tadbirkor-bananpapayamandarin-etishtirmoqda_558769