Расмий муносабат:
Амударёлик фермерларнинг видеомурожаати ўрганилди
Ижтимоий тармоқлар орқали Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги 60 нафар фермер хўжаликлари раҳбарларининг 2022 йил ҳосилидан “Amudaryotexcluster” МЧЖга топширилган пахта хом-ашёси учун жами 72 млрд. сўм қарздорлиги тўлаб берилмаётганлигидан норозилиги ва туман ҳокимлиги биносида фермерларни ҳокимлик масъуллари қабул қилмаётганлиги ҳақидаги видео ёзувлар тарқалмоқда.
Фермерлар олдига Амударё туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Илҳом Полвонов дарҳол етиб бориб, улар билан мурожаат бўйича суҳбат ўтказди.
Аниқланишича, туман Кенгашининг фермерлар манфаатларини кўзлаб киритган даъво аризалари 2023 йил 17 март куни Беруний туманлараро иқтисодий судида кўрилиб, 305 та фермер хўжаликларининг 2022 йил ҳосилидан “Amudaryotexcluster” МЧЖга топширилган пахта хом-ашёси учун жами 107,5 млрд. сўм асосий қарз ва 16,2 млрд. сўм пеня ундириш ҳақида ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.
Суд қарорлари бўйича ижро варақалари 2023 йилнинг 18 апрель куни Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлимига юборилган бўлсада, шу кунга қадар фақат 30 миллиард сўм маблағ МИБ туман бўлими томонидан ундириб берилгани, қолган қисми эса тўлиқ ундириб берилмаганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан 2023 йил 1 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига Амударёлик фермерларнинг маблағларини ундириб бериш ҳақида сўровнома киритилди.