Голубика етиштиришда Беларусь билан ҳамкорлик қилинади
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Т.Саттаров, “Ўзбекистон Агро-ахборот инновация маркази” раҳбари М.Йўлдошевлар Беларуснинг “Ягодка” ташкилоти масъуллари билан учрашди.
Расмий учрашувда голубика маҳсулотларини етиштириш ва агротехникаси хусусида сўз борди.
–20 йилдан ошди голубика маҳсулотларини етиштириш, семинарлар ташкил этиш ҳамда голубика ўсимлигининг кўчати ва табиий чириндисини МДҲ давлатларига сотиш билан шуғулланиб келаётганимизга, –дейди Беларуснинг “Ягодка” ташкилоти раҳбари Андрей Костюков. –Ўзбекистон иқлим – шароитига мослаштирилган голубика маҳсулотларини фермер, деҳқон хўжаликлари ва “Томорқа хизмати” МЧЖларда етиштириш бўйича тарғибот ишларини бирга олиб борсак, ҳар жиҳатдан фойдали келишув бўларди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Т.Саттаров голубикани Ўзбекистон ҳудудларида етиштириш ҳамда имтиёзли кредитлар асосида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига берилишида Кенгаш фаол иштирок этишини таъкидлади.
Учрашув давомида Янгийўл, Жомбой, Чироқчи ва Қува туманларида ташкил этилган ўқув, илмий-амалий марказларда голубика маҳсулотларини етиштириш борасида ҳамкорлик қилишга келишилди.
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/golubika-etishtirishda-belarus-bilan-hamkorlik-qilinadi_409187