Ерни боқсанг-ер ҳам сени боқар
Гулнора Сарбоева… Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани «Қора Хитой» маҳалласи аҳли бу меҳнаткаш инсонни яхши танийди. Маҳалладаги намунали хонадонлардан бири бўлган Сарбоевлар оиласи ҳовлисида манзарали гулларнинг 8 хилини парваришламоқда.
Аслида суриштириб келса, хонадоннинг ер майдони у қадар катта эмас. Томорқа 0,12 сотихдан иборат. Бироқ майдоннинг кичиклиги ҳосилдорликка таъсир қилаётгани йўқ, оила бу ерлардан йилига 3 марта ҳосил олишни йўлга қўйган.
–Оила бекаси Гулнора опа асли тиббиёт ходими бўлсада, олманинг 4 хили, нокнинг 2 хили, анор, анжир, узумнинг 6 хил навини, ўрик, қора гилос, каби дарахтларни парваришлаб, мўл ҳосил етиштиришни ҳадисини олган экан, –дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходими Умирзоқ Раҳматов. –Томорқасида сув таъминоти унча яхши бўлмагани боис ёмғирлатиб суғориш тизимини қўллаб келмоқда. Сувни тежаш технологиясини жорий этиш орқали 0,10 сотих томорқанинг боғ қатор орасига бодринг, қизилча, булғор қалампири, бақлажон каби сабзавотлар ва кўкатлар етиштирилмоқда. Хонадон эҳтиёжларидан ортган қишлоқ хўжалиги экинларининг бир қисмини бозорга етказиб бериш ва қўшниларга сотишни йўлга қўйган. Ундан ташқари боғ бўлмаган 0,2 сотих ер шу кунларда пиёз ва саримсоқпиёз уруғини экиш учун тайёрлаб қўйилган экан.
Оила томорқа ишлари билан бир вақтда чорвачиликка ҳам эътибор қаратмоқда. Ҳовлида парваришланаётган 30 бош парранда тухуми ва соғин сигирларнинг сути оиланинг тухум ва сут маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қопламоқда.
–«Ерни боқсанг-ер ҳам сени боқар» шиорини кунлик мақсадга айлантириб олганмиз, –дейди Гулнора Сарбоева. – Иқлим –шароитимиз йилига 3 марта ҳосил олиш учун жуда қулай, баҳонага ҳеч ҳам ўрин йўқ. Тупроқ ва сувдан янада оқилона фойдаланиш учун гулчиликни йўлга қўйиш орқали маҳаллада гулчилик ва уруғчилик мактабини яратмоқчиман. Келгусида доривор ўсимликлар етиштиришни ҳам ўзлаштириш учун ўрганиш ишларини бошлаб юбордик.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ишчи гуруҳи томорқачи Гулнора опа Сарбоеванинг тадбиркорлик билан шуғулланиб, олдига қўйган мақсадларига эришиши учун имтиёзли кредитлар ажратилиши тўғрисида тавсиялар берди.
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/erni-boqsang-er-ham-seni-boqar_408956