Томорқадан унумли фойдаланганларга кредитлар берилади
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Чўмичли маҳалласида яшовчи уста деҳқон Мурод ака Исанов хонадонида юртимизда ўсадиган барча турдаги мевали дарахт турларини учратасиз. Дарахт ораларида экилган қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳамма барча турларидан мўл ҳосил етиштирилмоқда.
Асли касби соғлиқни сақлаш ходими бўлсада, 0,35 сотих ер майдонида узумнинг 8 хил, жумладан Ризамат ота, Келинбармоқ, Кетмонсопи, Ҳусайни ва бошқа турдаги узум навлари етиштирилмоқда. Шу кунларда бу узумзордан кетма-кет мўл ҳосил йиғиб, аҳоли дастурхонига тортиқ этилмоқда.
Шунингдек, Исановлар хонадонида ҳар йили минглаб дона узум кўчатлари тайёрланиб вилоят, туман ва маҳалла аҳолисига келишилган арзон нархларда ва ҳадя сифатида тарқатилмоқда. Мурод ака ток ва мевали кўчатлар етказиб берган хонадонларига «Бир маҳалла – Бир маҳсулот» тамойилига кўра тўплаган тажрибалари асосида агрономлик тавсияларини ҳам бериб келмоқда.
Исановлар оиласи қишлоқ хўжалиги экинларидан йилига уч марта ҳосил олишни ўзлаштиргани билан маҳалладошлари орасида тилга тушиб қолди. Улар етиштираётган олма, беҳи, узум, булғор қалампири, помидор, сабзи, пиёз, қизил лавлаги каби мева-сабзавотларнинг харидори ҳамиша тайёр. Томорқада чуқурлиги 55 метр бўлган артезиан қудуғи қазилгани боис экинларни оби-ҳаёт билан таъминлаш ва деҳқончилик ишлари янада кенгаймоқда.
Қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш билан бир вақтда оила аъзолари 20 бош қўй-эчки, олти қути асалари, 50 бош парранда парваришини ҳам йўлга қўйган.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходимларидан тузилган ишчи гуруҳи жойларда бўлиб, аҳолига томорқачилик борасида маслаҳатлар бериш, Мурод ака Исанов каби оилаларнинг тажрибаларини оммалаштириш чораларини кўрмоқда.
Учрашувда иштирок этган Мурод ака Исанов томорқасида янада самарали фойдаланиш истагида иссиқхона қурмоқчилигини маълум қилди. Бунинг учун эса кредит зарурлигини айтиб мурожаат қилди. Кенгаш ходимларидан тузилган ишчи гуруҳи кенгаш ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан дастлабки босқич учун 50 миллион сўм ажратиб берадиган бўлишди.
Қайд этиш керакки, ҳозирда аҳоли томорқалари учун ҳам имтиёзли тарзда кредитлар ажратилаётгани кўплаб оилаларнинг ердан янада унумли ва самарали фойдаланишини таъминлаш билан бир вақтда ҳосилдорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Умирзоқ Раҳматов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходими
https://uza.uz/uz/posts/tomorqadan-unumli-foydalanganlarga-kreditlar-beriladi_407566