Фермерлар билан мулоқотлар

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов ҳудудларда бўлиб, фермер хўжаликларида ва аҳоли томорқаларда амалга оширилаётган кузги дала ишлари билан яқиндан танишмоқда. Самарқанд вилоятига ташриф давомида бир қатор туманларда, хусусан, Иштихон, Пастдарғом туманлари аҳолисини қизиқишлари ва таклифларини ўрганди. Кенгаш раиси уларнинг ташвиш ва қувончлари билан танишди. Мисол учун, Иштихон, туманидаги «Хумо» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Хина қишлоғида яшовчи Ҳусниддин Худойшукуров бир неча йилдан буён хонадонида доривор ўсимлик шафран етиштириш билан шуғулланмоқда.

Қайд этиш керакки, ушбу ўсимлик тиббиёт ва озиқ-овқат саноатида кенг ишлатилади. Унинг таркибида 50 фоиздан ортиқ бўёқ берувчи кротсин, 2,7 фоиз ёғ, 0,32 фоиз эфир мойи, В, В2 витаминлари, азотли моддалар, қанд, калий ва кальций бирикмалари мавжуд бўлиб, кўплаб касалликларни даволашда қўлланилади. Ўсимлик ўзига хос хушбўй ҳиди, ёрқин ранг ва таъм бериши боис турли таомларга қўшилади. Ундан қандолат маҳсулотлари, кремлар, музқаймоқ тайёрлашда ҳам фойдаланилади. Заъфарон қўшилган озиқ-овқат маҳсулотлари бир неча кунгача сифатини йўқотмайди. Албатта, бундай хусусиятлар ушбу ўсимликнинг бозоргирлигини ва баҳосини ҳам оширади.

Шу маҳаллада яшовчи Рустам Ўроқов эса томорқасида такрорий ва тўқсонбости экинлар етиштиришнинг ҳадисини олган. У ҳар йили ҳосилдорликка эвазига яхшигина даромад олмоқда.

Кенгаш вакиллари маҳалладаги бошқа хонадонларда ҳам бўлиб, уларга доривор ўсимлик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш агротехнологиялари, иссиқхона ва артезиан қудуқлари барпо этиш бўйича керакли тавсиялар бериб, услубий қўлланмалар тарқатишди.

Кейинги манзил Пастдарғом туманида ҳам хонадонларда ва фермер хўжаликларининг далаларида учрашувлар ўтказилди. Мисол учун, «Зарафшон» ММТП «Эшонбой» фермер хўжалигининг 200 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, унинг 100 гектарида ғалла экилиб, режа ортиғи билан бажарилди. Ҳозирда 82 гектардаги пахта ҳосилини йиғиб-териш ишлари бошланиш арафасида.

Фермер ишсиз аҳоли ва ёшларни иш билан таъминлашга ҳисса қўшиш мақсадида ғалладан бўшаган майдонларни ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бўлиб берди. Бу жараёнда шу маҳаллада яшовчи 70 нафар аҳоли шолғом, саримсоқпиёз, ловия, мош каби такрорий экин етиштириш имконига эга бўлди.

Актам Хаитов уларнинг фаолияти билан танишиш жараёнида саволларига жавоб берди. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаати ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ўзига хос ўрни ҳақида тушунча берди.

Айни вақтда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ишчи гуруҳлари жойларда аҳоли билан амалий ишларини давом эттирмоқда.

ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/fermerlar-bilan-muloqotlar-davom-etmoqda_405629

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram