Омборхоналарни жиҳозлаш учун субсидия олишнинг электрон тизими яратилди

Қишлоқ хўжалигида аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришини рағбатлантириш мақсадида кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг турли йўналишлари қўлланилмоқда. Бу йўналишда 2022 йилдан бошлаб давлат томонидан томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарини харид қилганда харажатларнинг бир қисмини субсидия ҳисобидан қоплаб бериш тизими жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 декабрдаги «Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига кўра, томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида ташкил этиладиган кооперацияларга омборхоналарни жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари келтириш жараёнини субсидия ажратиш орқали қўллаб-қувватлаш белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги «Томорқа хўжаликларида етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори билан низом тасдиқланди. Унга кўра, 2022 йилдан томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш харажатларининг 30 фоизимиқдорида, бироқ 150 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда субсидия берилиши белгиланди.

Кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектлари – томорқа ер эгалари билан томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш, уларга турли томорқа хизматларини кўрсатиш учун ихтиёрийлик асосида тузилган шартномага мувофиқ ҳамкорликда иш ташкил этган тадбиркорлик субъектлари (қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчи кооперативлари, «Томорқа хизмати» МЧЖлар ва бошқалар) ҳисобланади.

Юқорида келтирилган Низом талабларига мувофиқ омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисмига субсидия олиш учун тадбиркорлик субъектлари:

  • давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган;
  • томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган;

фаолиятини самарали амалга ошириш учун зарур бўлган эгалик ёки бошқа мулкий ҳуқуқ, шунингдек, ижара ҳуқуқи асосида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб берадиган ишлаб чиқариш бино ва иншоотларига ҳамда зарур техник-технологик воситаларга эга бўлиши;

омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари талабгор томонидан манзилли рўйхатга киритиш учун ариза берилган санадан кейин харид қилинган;

омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарининг хариди бўйича тузилган шартномалар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК томонидан экспертизадан ўтказилган бўлиши лозим.

Низом талабига кўра белгиланган тартибда томорқа ер эгалари билан томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харидини ташкил этиб, республика ҳудудида кооперация асосида иш ташкил қилган манзилли рўйхатга киритилган тадбиркорлик субъектлари, «Томорқа хизмати» МЧЖлар субсидия олувчилар бўлиши мумкин. Бунда талабгор манзилли рўйхатга кириш ҳамда субсидия маблағларини олишда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ёки бевосита Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» давлат муассасасининг «Агросубсидия» ахборот тизимидан фойдаланиши мумкин.

Жорий йилда ҳудудлардан туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари томонидан тақдим этилган ташаббускор тадбиркорлик субъектларининг рўйхатига кўра жами 35 та талабгорларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилди. Мазкур манзилли рўйхатга мувофиқ, томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган талабгорларга омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш учун талаб этиладиган жами маблағ 25,21 млрд.сўм, шундан ўз маблағлари ҳисобидан 19,86 млрд.сўм, субсидия ҳисобидан 5,25 млрд.сўм ажратилиши белгиланди.

Эндиликда талабгорларга «Агросубсидия» ахборот тизими (agrosubsidiya.uz) орқали томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, саралаш, ва қадоқлаш ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидияга ариза қолдириш имконияти яратилди.

Манзилли рўйхатига киритилган талабгорлар субсидия олиш бўйича аризани ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклда тўлдирган ҳолда, ЯИДХП ёки «Агросубсидия» АТ орқали туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига электрон шаклда юборади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарини харид қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тузилган олди-сотди шартномаси ва тўлов топшириқномаси) нусхаси;
  • Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК хулосаси.

2022 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига 4 та йўналиш бўйича, жумладан, омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарини харид қилиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 150 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда субсидия ажратилади.

Мазкур субсидия ажратиш бўйича имтиёзнинг қўлланилиши томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва унда етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харидини таъминлашга, кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларининг ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлашга, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг омборхоналарини жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилишни рағбатлантиришга хизмат қилади. Шунингдек субсидия ажратилиши тўғридан-тўғри «Агросубсидия» ахборот тизими орқали амалга оширилиши инсон омилининг аралашмаслигига, коррупция ҳолатларини олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Аббос МАДИЕВ,

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бўлим бошлиғи

https://uza.uz/uz/posts/omborxonalarni-zhihozlash-uchun-subsidiya-olishning-elektron-tizimi-yaratildi_405394

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram