Томорқа барака манбаи

Бугун бозорларимизга етказиб берилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда нафақат деҳқон ва фермерлар, балки аҳолининг ҳам бевосита ҳиссаси ортиб бормоқда. Сўнгги йилларда Президентимизнинг аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишига оид бир қатор қарорлари асносида мазкур йўналишга кенг имтиёзлар ажратилиб, одамларга зарур кўмаклар бериб келинмоқда. Натижада ўз томорқасида экин-текин экиб, ундан фойда олиш кўпчилик юртдошларимизнинг асосий даромад манбаига айланди.

Томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган миришкор деҳқонларимизнинг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Улар орасида Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани миришкорларининг ҳам ўз ўрни бор. Ҳозирда туманда яшаётган 90,6 минг аҳоли ихтиёрида 855 гектар унумдор ер мавжуд бўлиб, ундан самарали фойдаланиш доимий эътиборда. Аҳоли томорқасининг 28 гектарида узум, анор ва бошқа турдаги мевали дарахтлардан ҳосил олинаётгани бунинг ёрқин далилидир. Шунингдек, жорий йилда 295,3 гектар майдонга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари, 771,2 гектарга баҳорги ва 452,0 гектарга такрорий экинлар экилиб, мўл ҳосил олинди.

Аҳоли томорқаси ва деҳқон хўжаликларида 26808 тонна, шундан эртаки экин ҳисобидан 14143 тонна ҳосил олинди. Энди эса такрорий (ўртаки) экин ҳисобидан 7047 тонна, «тўқсонбости» усулидаги сабзавот экин ҳисобидан 5619 тонна маҳсулот йиғилиши мўлжалланмоқда.

Вилоятда етиштирилаётган ҳосил миқдорининг ортишида албатта тумандаги қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи 1158 та фермер, 44 та деҳқон хўжалигининг ҳам муносиб улуши бор.

Айни вақтда йирик ва кичик иссиқхоналар барпо этиш ва уларда етиштириладиган маҳсулотларни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, жорий йилда 356 тадан (ўтган йилга нисбатан 119 тага кўп) ортиқ хонадонда ихчам иссиқхоналар қурилмоқда. Хусусан, 1 июль ҳолатига 132 та хонадонда ихчам иссиқхоналар ташкил этилиб, 1,7 гектар ерда 2-3 марта ҳосил олиш имконияти яратилди. Уларда 120-130 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Томорқачиликни ривожлантириш бўйича яратиб берилаётган имкониятлар ва шароитлар асосида жорий йилда 9504 нафар қишлоқ аҳолисининг доимий ва мавсумий бандлигини таъминлаш чоралари белгиланиб, январь-июль ойларида томорқа хўжаликларида ўзини ўзи банд қилиш орқали 8629 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Ҳудудда ерларни қишлоқ хўжалиги фойдаланишига киритиш, уларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Кўрилган чора тадбирлар натижасида 10106 тадан ортиқ томорқачиларнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 1518 гектарга яқин томорқада картошка, сабзи, пиёз, бодринг, помидор, булғор қалампири, кўкатлар ва бошқа турдаги сабзавот маҳсулотлари етиштириш имконияти яратилди.

Жорий йилнинг охирига қадар яна туманнинг 5 та сув таъминоти оғир маҳалласида 13та талабгор томонидан 13 та шундан 1та кичик ва 12та катта ҳажмдаги артезиан қудуқни бурғулаб ишга туширилиши кутилмоқда. Мазкур суғориш қудуқларини қазиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида 360 нафар талабгорга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 млрд. 144 млн. сўм субсидия маблағлари ажратиш режалаштирилган.

Шу тариқа сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини қазиш харажатларининг бир қисмини қоплаш механизмини амалда қўлланилиши жуда кўп аҳоли хонадонларида даромад манбаини яратиб берди.

Бошқа ҳудудларда бўлгани каби ушбу вилоятда ҳам «Бир ҳудуд-бир маҳсулот» тамойили асосида маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилган ҳудудлар сони ошмоқда. Бунда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилнинг 23 ноябрда қабул қилинган қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “E-auksion” орқали 1503 гектар ер қўйилган бўлиб, ҳозирда Зарбдор туманида 1302 гектар майдонда 2310 та деҳқон хўжалиги ташкил этилди. Шундан «Аёллар дафтари», «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари»да рўйхатида турган 3318 та ишсиз ёшлар ва аёлларга 1503 гектар майдонда деҳқон хўжаликлари ташкил этилди.

Ушбу ташкил этилган деҳқон хўжаликлари келгусида 10100 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириши кутилмоқда.
 

ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/tomorqa-baraka-manbai_393741

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram