Соҳага илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш давр талаби 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини парваришлаш, очиқ ва ёпиқ усулларда сабзавот маҳсулотлари етиштириш, аниқ муддатларда тегишли агротехник тадбирларни амалга ошириш борасида яқиндан кўмак бермоқда. томорқачи ва фермерларни ўқитиш, хорижий тажрибалар ва ўз ишининг усталари бўлган маҳаллий деҳқонларнинг тажрибаларини илмий-амалий семинар кўринишида кенг оммага етказиш борасида ҳам барча чоралар кўрилмоқда.

Сурхондарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам бу борада доимий изланишлар олиб бормоқда. Улар Сурхондарё вилоятидаги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг фаолият юритишмоқда. «Очиқ ва ёпиқ усулларда сабзавот маҳсулотлари етиштириш», «Узумни парваришлаш, хомток қилиш ва агротехник тадбирларни амалга ошириш», «Сув таъминоти оғир ҳудудларда аҳоли томорқаларини суғориш учун артезиан қудуқларини ишга тушириш ва уларга белгиланган тартибда субсидия маблағлари ажратиш» мавзуларида ўтказилган қатор кўргазмали илмий-семинарлар бунга мисол бўла олади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган «Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра топширилган вазифалар ва берилган имтиёзлар ҳақида Олтинсой туманида ўтказилган учрашувда алоҳида изоҳ берилди.

–Узум етиштиришнинг умумий ҳажмига нисбатан энг юқори улушга эга бўлган ҳудудлар қаторига бизнинг вилоятимиз ҳам киради, –дейди Сурхондарё вилояти агрохизматлар маркази директори ўринбосари И.Исломов. – Ҳозирги кескин рақобат шароитида жаҳон бозорида данаксиз узум мевасига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Шу боис узумнинг оддий хўраки навларини эмас, жаҳон бозорида харидоргир бўлган янги, саноатбоп навларини кўпайтириш, соҳага илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш давр талабидир.

Мазкур семинарда артезиан қудуқлари барпо этиш, узумларни парваришлаш, хомток қилиш ва бошқа агротехник тадбирларни амалга ошириш, узум зараркунандалари ва касалликларига қарши кураш чоралари юзасидан илмий асосланган тавсиялар ҳам бериб ўтилди.

ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/sohaga-ilm-fan-yutuqlarini-keng-zhoriy-etish-davr-talabi_389824

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram