Меҳнатга умрини бахшида қилган аёл

Дунёда нозик хилқат вакиллар ҳисобланган аёллар турли жабҳаларда меҳнат қилиб, ўз оиласи, фарзандлари қолаверса, давлат тараққиёти учун ҳисса қўшиб келмоқда. Бугунги қаҳрамонимиз ҳам ўзининг ҳалол меҳнатлари билан ёлғизликда рўзғор тебратиб, фарзандини вояга етказаётгани, бир қўлида ерни, бир қўлида рўзғорни тебратиб, яккаю ёлғиз фарзанди учун жон фидо қилаётган аёллардандир.

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Хосиятхон Алиевани маҳалладагилар «темир хотин» дейишади. Чунки, унинг сабр ва бардоши, меҳнаткашлиги унга ана шундай ном берилишига сабаб бўлган. Турмушнинг оғир зарбалари унинг қаддини букмади. Оила қурди. Бир нафар фарзандли ҳам бўлди. Лекин, бахт қуши унинг бошидан учиб кетди. Турмуш ўртоғи билан келишмовчиликлар сабабли оила ажрашди.

Шунда ҳам тушкунликка тушмаган Хосиятхон ўз умрини яккаю ёлғиз фарзандига бағишлади. Тирикчилик, рўзғор ташвишларини унинг қаддини букмади. Аксинча матонатни ўрганди, иродали бўлди.

Дашту биёбонда полиз экинлари экишни бошлади. 9 сотих сувсиз ерга тарвуз экиб, даромад ола бошлади. Биринчи ҳосилдан олган 10-15 миллион даромади ҳисобининг бир қисмини рўзғорга, яна бир қисмини иккинчи ҳосилнинг уруғига ишлатди Унинг экан картошкалари тез орада ҳосилга киради.

Ўғлини ёнига олиб, она ва бола томорқасида меҳнат қилишди. Ўғлининг кучи билан қудуқ қазиб, сув ҳам чиқаришди. Бугун чўли биёбонда гўзал манзара барпо бўлди.Таморқаси бу оилага даромад олиб келмоқда.

Ҳар йили топган даромадидан уй ҳайвонлари олишга киришди. Бугун унинг соғин сигири ҳамда 5 та новвоси бор. Етти хазинанинг бири ҳисобланган сигир сут берса, сут ва қатиқларини сотади. Товуқлари эса тухумга кириб, маҳалла аҳолисига етказиб бериляпти.

Юзларидан нур, оёқларидан ўт чақнайдиган Хосиятхон ҳаётидан нолимайди. Чунки у ўз ҳаётидан мамнун. Ўғлининг келажаги учун ҳаракат қилади. Олий ўқув юртига кириб, бир касбнинг эгаси бўлиши истайди. Мана шу мақсадлар Ҳосият Алиевага янада куч бағишлайди. Ўғлини ўйлаб, қатор-қатор набиралар кўришни, машиналар олишни хоҳлайди.

Бугун бу аёлга ҳавас қилувчилар жуда кўп. Чунки унинг самимий ва покиза қалби ана шу нозик хилқат вакилларига хосдир.

https://uza.uz/uz/posts/mehnatga-umrini-baxshida-qilgan-ayol_385631

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram