Халқимиз кутган ўзгаришлар – сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов конституциявий ислоҳотлар ҳақида
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси аъзоси, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов Конституциясига киритилаётган асосий ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида маълумот берди.
Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин паллага кирди. Махсус комиссияга ўтган бир ой давомида келиб тушган 60 мингдан ортиқ таклифлар асосида конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартириш, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритиш назарда тутилмоқда.
2022 йил 24 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар. Мазкур ҳужжат “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталарида ҳамда “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформасида умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Бош қомусимизга, жумладан, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар киритилмоқда.
– Давлат қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини, тадбиркорликнинг ривожланиши учун шарт-шароитларни таъминлаш, ҳалол рақобат ҳимоя қилинишини, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаш, тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақлилиги белгилаб қўйилмоқда, – деди сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов. – Конституциявий қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти асосларини янада такомиллаштиришга, парламентнинг ваколатларини кучайтиришга, фуқароларнинг қонунчилик жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган нормалар ҳам акс этмоқда. Хусусан, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашларига ҳам раҳбарлик қилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланиб, халқ депутатлари кенгашининг ва ҳокимларнинг ваколатлари алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Видеоконференция шаклида ўтган муҳокамада Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳудудлардаги 3000 дан зиёд ходимлари масофадан иштирок этди. Тадбирда халқимизнинг янги замондаги ўзгаришларга бефарқ қарамасдан, шахсий ташаббус кўрсатиб, мамлакатда кечаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётгани, конституциявий янгиланишларни хайрихоҳлик ва якдиллик билан қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.
– Нуроний ва ёшларимиз, турли миллат вакиллари, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳозир ҳам таклиф юборишда давом этмоқдалар, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов. – Ҳар бир ватандошимиз ушбу ҳужжатни менинг конституциям деб қабул қилиб, қонунчилик ислоҳотларида ўзини, оиласини, маҳалласини, жамият ва давлатни йиллар давомида безовта қилиб келаётган муаммолар ечимини кўрмоқда.
Шу йилнинг 25 июнь кунидан 5 июль кунига қадар давом этадиган умумхалқ муҳокамаси натижасига кўра тайёрланган янги конституциявий қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади. Ҳар бир фуқаронинг ушбу жараёндаги фаол иштироки муҳим бўлиб, Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти учун долзарб аҳамият касб этади.
https://oyina.uz/kiril/posts/7619