100 гектардан ортиқ экин майдонларини обиҳаёт билан таъминлашга эришилди

Заминимизнинг тупроқ-иқлим шароити тўрт фаслда ҳам сабзавот экинлари етиштириш учун ғоят қулай ҳисобланади.

Мавжуд ерда меҳнат қилиб, пиёз, сабзи, картошка, саримсоқпиёз ёки турли кўкатларни экиб, рўзғорда фойдаланиш кони фойда. Шундай экан, ҳар бир томорқа эгаси мавжуд экин майдонидан унумли фойдаланса, фойдадан холи бўлмайди. Сув масаласи бор, дейсизда? 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан маълум қилишларича, сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун артезиан қудуқлар қазиш учун  давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратиш давом этмоқда. Мазкур маблағларни дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатишга сарфлаш мумкин. 

Бунда Президентимизнинг 2020 йил  30 июлда қабул қилинган  “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Шунга кўра, асосан сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларига сув чиқариш ишларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда 409 дона, шундан 22 дона катта ва 409 дона кичик ҳажмли артезиан қудуқ бурғулаб ишга тушириш истагидаги  талабгорларга Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар ажратиш белгиланди. 

Жорий йилнинг январь-май ойлари давомида вилоятдаги сув таъминоти оғир 12 та туманнинг 170 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 189 та катта ва кичик ҳажмли артезиан қудуқларни бурғулаш ва субсидия ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари олиб борилди. 3  та сув таъминоти оғир тумандаги 72 нафар талабгорга, жумладан, Косон туманидан 36 нафар, Ғузор туманидан 1 нафар, Чироқчи туманидан 35 нафар талабгорга 1 та катта ва 71 та кичик  ҳажмли артезиан қудуқларини бурғулаб, ишга туширгани учун Давлат бюджетидан 962 миллион сўм субсидия ажратиб берилди. 

Ҳудудларда сув масаласининг бу тарзда  ҳал этилиши ортидан 17 та МФЙдаги 104 нафардан ортиқ томорқа ер эгаларининг бир неча йилдан бери фойдаланилмай ётган 100 гектардан ортиқ томорқа экин майдонларини обиҳаёт билан таъминлашга эришилди. 

Амалга оширилган ишлар натижасида чўлга айланиб бораётган сув таъминоти оғир ҳудудлардаги ишсиз фуқароларни ўз томорқа ерларида ўз-ўзини банд қилиш, иқлим шароити яхшилиги ҳисобига йил давомида 2 – 3 маротаба ҳосил олиш орқали даромадларни ошириш, мунтазам суғориш учун сув билан таъминланганлиги сабабли томорқадан янги ихчам иссиқхоналар ва интенсив боғлар ҳамда серҳосил токзорлар барпо этиш имкониятлари яратилмоқда. 

Ойбек Махмашаев, 

Қашқадарё вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари  

ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили 

ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/100-gektardan-ortiq-ekin-maydonlarini-obihayot-bilan-taminlashga-erishildi_380093

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram