Кенгаш аралашуви билан 2 йилдан буён ажратилмаётган субсидия ундирилди
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг асосий вазифаларидан бири давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда тизим вакилларини ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Таъкидлаш керакки, фермер хўжаликлари билан айрим давлат ташкилотлари ўртасида турлича тортишувлар ва тушунмовчиликлар учраб турмоқда. Сабаби эса соҳага тегишли норматив ҳужжатларга амал қилмаслик ва уларни яхши билмаслик.
Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 ноябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигини механизациялашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда маҳаллийлаштириш даражаси 25 фоиздан кам бўлмаган республикадаги қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий ташкилотлар ишлаб чиқарган техникаларни харид қилишда ушбу техника қийматининг 15 фоизини, лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизини қоплаш учун харидорга субсидия ажратиш белгиланган.
Бироқ, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фермер хўжаликлари тақдим этган ҳужжатларнинг тўлиқмаслиги ҳақидаги важлари билан Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги 11 фермер хўжалигига икки йилдан буён субсидия маблағларини ажратмасдан келинган.
Сабр косаси тўлган “Нақш жилоси” фермер хўжалиги раҳбари Ш.Шайманов Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ариза билан мурожаат қилди. 2020 йилда “Тошкент қишлоқ хўжалиги техника заводи” акциядорлик жамиятидан ТТЗ-811 МХ-1,8 пахта териш машинаси харид қилган бўлсада, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси унга субсидия маблағлари бермаган.
Мурожаат ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам Дўстлик туманидаги 11 фермер хўжалиги “Тошкент қишлоқ хўжалиги техника заводи” акциядорлик жамиятидан пахта териш машиналари хариди учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси 2020 йилдан буён 790 218 миллион сўм субсидия маблағларини бермай келаётгани маълум бўлди.
Кенгаш фермер хўжаликларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 25 майида Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига субсидия маблағлари ажратилиши масаласини кўриб чиқиш юзасидан талабнома киритди. Натижада жамғарма маблағлари ҳисобидан 571 миллион сўм субсидия маблағлари 8 нафар фермер хўжаликларига ундириб берилди. Яна 3 нафар фермер хўжаликларига 219 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилиши кўриб чиқилмоқда.
Зафар Мустафақулов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари