“Томорқа хизмати” кластерлари —аҳоли хизматига доим шай

Аҳолига кўрсатиладиган хизмат турлари 12 та йўналишга етди. 

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ўтган беш йил давомида давлатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг энг муҳим нуқталаридан бири сифатида тараққий этиб, ўзининг янги босқичига кўтарилди. Замонавий ва янгича ёндашувлар, қабул қилинган қонунлар, муҳим фармон ва қарорлар, давлат дастурлари тармоқни сердаромад, қишлоқ жойларда одамларни иш билан таъминлайдиган тизим сифатида шаклланишини таъминлаб берди.

Бугун бозорларимизга етказиб берилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда нафақат деҳқон ва фермерлар, балки аҳолининг ҳам бевосита ҳиссаси ортиб боряпти. Сўнгги йилларда мамлакатимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада ўз томорқасида экин-текин экиб, ундан фойда олиш кўпчилик юртдошларимизнинг асосий даромад манбаига айланди.

Жумладан, айни кез 5,5 миллиондан ортиқ томорқа ер эгалари ўз ихтиёридаги 508 минг гектар ер майдонларида деҳқончилик қилмоқда. Юртимизда етиштирилаётган картошканинг 84 фоизи, сабзавот маҳсулотларининг 71 фоизи, полиз, узум ва меваларнинг 55-60 фоизи, чорвачилик маҳсулотларининг 94 фоизидан ортиғи аҳоли хонадонлари ҳиссасига тўғри келяпти.

Томорқада деҳқончиликни бошлаган инсон тажриба камлиги сабаб бирданига юқори ҳосил ва даромад олиши қийин. Аммо ҳудудларда томорқа билан ишлайдиган, аҳолига моддий ресурсларни етказиб берадиган, молиялаштирадиган ва экин экишни назорат қиладиган тизим яратилиб, “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолиятининг йўлга қўйилиши бу борада аҳолига катта кўмак бермоқда. Томорқачиликдан хабари бўлмаган киши ҳам унга кўрсатилаётган ёрдамлар туфайли яхшигина даромад олишга эришяпти.

2018 йилда синов тариқасида илк бор ташкил этилган “Томорқа хизмати” корхоналарига йил сайин талаб ортиб бораётгани ҳам шу важдан. 2021 йил 16 декабрда қабул қилинган “Томорқалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан республикамиз бўйлаб 1457 та “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти йўлга қўйилди.

Бундай корхоналар иш бошлаган илк куниданоқ аҳолига кўмакчи бўлиб, одамларнинг томорқаларга экин экиш, олинган ҳосилни харидорга етказгунига қадар уларга кўмакдош бўлиб келмоқда. Жойларда аҳоли томорқа ерларини шудгорлаш, зарур уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хонадонларга ихчам иссиқхона қуриб бериш, эчки, қуй, парранда, асалари уялари, қуён етказиб бериш шунингдек, аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички ва ташқи бозорга сотиш каби хизматларни “Томорқа хизмати” корхоналари орқали ташкил этиш йўлга қўйилди.

Аниқ маълумотларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи чорак давомида “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан 49,2 минг аҳоли хонадонинг ерлари шудгорланди, аҳоли томорқаларига 304  тонна уруғлик етказиб берилди, 4,7 млн дона мевали кўчат етказиб берилди ҳамда 14,2 минг хонадонга пиёз ва саримсоқпиёз уруғлари етказиб берилди ҳамда экишига кўмаклашилди. Шунингдек, 10,7 минг хонадонга ихчам иссиқхона қуриб берилиб, 638 хонадонга асалари уялари, 980 та хонадонга қуён, 1200 та хонадонга курка, 8750 та хонадонга парранда, 299 та хонадонга эчки, 4870 та хонадонга қорамол ва қўй етказиб берилди.

Ўз навбатида, халққа хизмат қилиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган бундай корхоналар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма маблағлари, тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан уларнинг моддий-техник базаси мустахкамланди.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган биринчи чорак давомида “Томорқа хизмати” корхоналарида 39,9 минг тонна сиғимли 131 та мева-сабзавотларни совутиш омборлари, 71,9 минг тонна сиғимли 275 та мева сабзавотни сақлаш омборлари ҳамда 158 минг тонна йиллик қувватга эга бўлган 128 та мевани саралаш, қуритиш, қайта ишлаш линиялари ташкил қилинди. Мазкур йўналишлар учун Кенгаш ҳузуридаги Жамғармадан 28,8 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Шу билан бирга, Жамғармадан 1145 нафар фуқароларга 33 миллиард 680 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиши ҳисобига, республиканинг 162 та туманидаги маҳаллаларнинг аҳоли гавжум жойларида 3350 та кичик сиғимли музлаткичга эга бўлган енгил конструкцияли “дала дўконлари” ташкил этилди. Мазкур дўконлар аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини одамларга қулай жойларда, арзон нарҳларда сотишни ташкил қилишга хизмат қилмоқда.

Янги тизим — замонавий ёндашув

Ҳалқимиз йилдан-йилга томорқа қўшимча даромад манбаи эканлигини англаб етмоқда. Йилига 2-3 марта ҳосил олишни кўзлаб иш юритаётган миришкор деҳқонларимиз кичик ердан ҳам мўл даромад оляпти. Бу борадаги билимлари ҳам ортиб боряпти. Тажрибадан маълумки, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини оддий омборларда сақлагандан кўра, сунъий совутиладиган омборхоналарда сақлаш орқали маҳсулот вазнини максимал даражада сақлаб қолиш имконияти ошади. Шундай омилларни ҳисобга олган ҳолда етиштирилган маҳсулотни йил давомида ҳалқимиз дастурхонига етказиб бериш учун етарли шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу жиҳатдан, томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни сақлаш, дўконларга етказиб бериш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш цехларини ташкил этиш жараёнларини умумлаштирадиган “Томорқа хизмати” кластерлари фаолиятини йўлга қўйишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Ўтган йилнинг ўтган даврида 32 та “Томорқа хизмати” МЧЖлар негизида бир нечта фаолият турини ўзида қамраб олган томорқа хизмати кластери фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 декбаридаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-54-сон қарорининг 1 иловаси билан тасдиқланган 36 та  “Томорқа хизмати” МЧЖлар негизида бир нечта фаолият турини ўзида қамраб олган томорқа хизмати кластерини ташкил этиш бўйича вилоят ҳокимликлари билан биргликда “Йўл хариталар” ишлаб чиқилди.

Шунингдек, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш учун Кенгаш ҳузуридаги Жамғармадан 180 млрд сўм кредит ажратиш белгиланган бўлиб, биринчи босқичда 7 та Томорқа хизмати кластерларига 10,3 млрд. сўм маблағ ажратилди.

 Мамлакатимизда ўзида 12 та фаолият йўналишини мужассамлаштирган “Томорқа хизмати” кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш тажрибаси амалиётга ўтган йилдан бошлаб жорий этилди. “Кластер” атамаси сўзма-сўз таржима қилинганда “биргаликда ўсиш”, деган маънони англатади. Мазкур тизимга “ягона занжирда айланадиган тараққиёт” таърифи ҳам берилади. Ўтган асрда пайдо бўлган кластер усулида ишларни ташкил этиш вақт ўтиши билан корхоналар ўртасида рақобат муҳитини яратиб, аҳолининг турмуш даражаси ўсишига хизмат қила бошлади.

Юртимизда кластерлар фаолиятининг йўлга қўйилиши фуқароларга қатор қулайликлар яратмоқда. Корхона-кластерлар ҳар бири 12-15 минг аҳоли хонадонлари билан шартнома тузган ҳолда, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида етиштирилган махсулотларнинг ўз истеъмолидан ортган қисмини сотишга кўмаклашиш, сақлаш, қайта ишлаб, ички бозорларда сотиш ҳамда экспортга чиқариш бўйича фуқароларга яқиндан кўмак бермоқда. Бундай корхоналар аҳоли давромадларини ошириш билан бирга, одамларни иш билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Хусусан, ҳар бир кластерда ўрта ҳисобда 40-45 та доимий, 350-400 та мавсумий иш ўринлари яратилади.

Навоий вилоятида ташкил этилган “Нурота томорқа хизмати” МЧЖ айни кез ҳудуддда шу йўналишдаги энг илғор корхоналардан бирига айланган. Бу ерда 2021 йилда аҳоли билан 5 мингдан ортиқ шартнома тузилиб, ихчам иссиқхоналар қуриш, тик қудуқларини қазиб бериш, кўчат, уруғликларни етказиб бериш, томорқаларни экин экишга тайёрлаш каби хизматларни кўрсатиб келмоқда. Корхона таркибида кластер ташкил этилгач, фаолияти янада кенгайди. Аҳолига кўрсатиладиган хизмат турлари 12 та йўналишга етди. Сутни қабул қилиш пункти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш ва қадоқлаш цехи каби йирик лойиҳалар ишга туширилиб, бунинг учун Жамғарма томонидан кредит маблағлари ажратилди. Ҳозирда “Томорқа хизмат” МЧЖ ҳисобида 12 та бино, 8 та ер ости тик қудуғини бурғулаш агрегати, 10 та кимёвий воситалар сепиш ускунаси, 1 та минитрактор, 6 та мотокултиватордан иборат техника парки мавжуд. Муҳими, кластер ҳудудда янги иш ўринлари яратиб, аҳолига томорқа ишларида яқиндан кўмак бериб келмоқда.

Чуст туманида ташкил этилган “Чуст томорқа хизмати” МЧЖ ҳам ўз фаолиятини кластер тарзида давом эттиряпти. Корхона аҳоли хонадонлари ва томорқа ер майдонларига хизмат кўрсатиш учун 4 та Лабо автомашинаси, 3 та Исузи автомобили, 5 дона мини трактори, 7 дона мотокультиватор, 6 дона дорипуркагичлар ҳайдаш, ишлов бериш учун мотокультиватор, мини тракторлар, дорипуркагичли ускуна, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш учун 1 дона Ўсимликлар клиникаси, 1 дона кўчат ва сабзавот уруғликлари сотиш ҳамда 1 та гул сотиш дўконлари, 1 гектар майдонда кўчат етиштиришга ихтисослашган иссиқхона, аҳоли ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган маҳсулотларнинг 3600 тоннасини саралаш, қуритиш ва қадоқлаш цехи, етиштирилган маҳсулотларни сақлашга мўлжалланган 1000 тоннали музлатгичли омборхона ва 400 тоннали сақлаш омбор, аҳолига парранда етказиб бериш учун 45 минг дона тухум қўйишга мўлжалланган инкубатор, чорва моллари етказиб бериш учун молхона, аҳолининг чорва ҳайвонлари сут маҳсулотини қайта ишлаш учун кунига 5 тонна сутни қабул қилиш ва қайта ишлаш пункти яратилди.

Аҳоли даромадини ошириш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларининг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда 70 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ўсиш нуқталари аниқланиб, ихтисослаштириш бўйича дастур ишлаб чиқилди.

Жумладан,

  • 8 та маҳалла фуқаролар йиғинида боғдорчилик;
  • 5 та маҳалла фуқаролар йиғинида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
  • 34 та маҳалла фуқаролар йиғинида иссиқхона, сабзавот, уруғчилик ва гулчиликни ривожлантириш;
  • 1 та маҳалла фуқаролар йиғинида паззандачилик;
  • 6 та маҳалла фуқаролар йиғинида паррандачилик ва чорвачилик;
  • 12 та маҳалла фуқаролар йиғинида хизмат кўрсатиш;
  • 4 та маҳалла фуқаролар йиғинида ҳунармандчиликни ривожлантириш.

Аҳоли хонадонлари ва томорқа ер эгаларига келгусида янада қулайлик яратиш мақсадида фаолияти кенгайтирилиб, аҳолининг даромадсиз қатламини даромадга олиб чиқиш учун барча имкониятлар ишга солинади.

2021 йилда 94 та аҳолига 2068 млн сўмлик 542 бош йирик ва майда туёқли хайвонлар етказиб берилган бўлиб, шундан 50 та хонадонга 62 бош (Сментал, Қора ангус, Қозоқ оқ боши)зотли қорамоллар ва 44 та аҳолига  480 бош (Хусори)зотли қўйлар Қозоғистон Республикасидан олиб келиниб тарқатилган.

Аҳоли хонадонлари билан жами 2380 та шартнома имзоланиб шундан 2200 хонадонларидан 20 тонна сут маҳсулотлари қабул килинган (ўртача 8-10 литрдан хар бир хонадонлардан), 70 та нафар фуқоролардан 15 тонна гўшт маҳсулотлари сотиб олинган (ўртача 1 нафар фуқоролардан 200-250 кг) ва 50 аҳоли хонадонларига 1500 дона (прес) ем хашак етказиб берилиб (хар бир хонадонга ўртача 30 тадан), 60 дан зиёд  хонадонга витеринария хизматлари кўрсатилди.

 Бугун иш фаолиятини олиб бораётган кўпгина “Томорқа хизмати” МЧЖлар мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли томорқаларида етиштирилган ҳамда кластерлар томонидан қайта ишланган қишлоқ хўжалиги махсулотларини ички бозорларимиздан ташқари, хорижга экспорт қилишга эришяпти. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорак давомида 13 та яқин “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан 3,1 миллион долларлик 3 минг тонна маҳсулот Қоғозиғтон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон, Россия, Украина, Германия, Саудия Арабистони, Эрон, Покистон, Малайзия ва бир қатор Европа малакатларига экспортга йўналтирилди. Бу борада Самарқанд вилоятидаги “Chelak tomorqa xizmati” МЧЖ, Қашқадарё вилоятидаги “Ko’hna voha tomorqa xizmati” МЧЖ,  Жиззах вилоятидаги “Paxtakor gold tomorqa”МЧЖ, Навоий вилоятидаги “Xatirchi tomorqa export” МЧЖ, Сурхондарё вилоятидаги “Surxon bahor tomorqa xizmati”МЧЖ, Хоразм вилоятидаги “Qo`shko`pir tamorqa xizmat” МЧЖ корхоналари айниқса, етакчилик қилмоқда. 

Элмурод МАМАРАҲИМОВ,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи

https://yuz.uz/news/tomorqa-xizmati-klasterlari-aholi-xizmatiga-doim-shay

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram