Бир контур – бир маҳсулот

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва соҳага бозор механизмларини жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. Бунда, мева-сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми 2016 йилдан 2021 йилга қадар қарийб 2 баробарга ошган.

Бунда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрда қабул қилинган “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу мақсадда вилоятлар кесимида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 365440 та лот тайёрланди. Жумладан, очиқ электрон танлов ғолиблари 308 мингтани ташкил этмоқда. Улар орасида хориждан қайтган фуқаролар 13 минг 637 тани ташкил этмоқда.

Шу тариқа 1177 гектарда, сабзавот, картошка, полиз, мойли экинлар каби қишлоқ хўжалиги экинлари экилди. Жумладан, Фарғона вилоятида 4863 гектар майдон ажратилган бўлиб, ҳозирда 4541 гектарни “e-auksion” дастури орқали 33 770 нафардан ортиқ фуқаро очиқ танловда ютиб олди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар, расмий ишсизлар ҳамда алоҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар бу ерларларда деҳқон хўжалиги ташкил этишди.

“Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳудудларда тупроқ-иқлим шароити, инсонларнинг деҳқончилик маданияти, маҳсулот сотиб олувчи кластер, кооперациялар, қайта ишлаш ва экспортёр корхоналарнинг маҳсулот турига бўлган талаби асосида қишлоқ хўжалик экинлари жойлаштирилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 1481 гектарда картошка, 1665 гектарда сабзавот, 442 гектарда дуккакли экинлар экилмоқда.

–Ҳар бир ҳудудда, маҳаллалар кесимида танлов асосида деҳқон хўжаликлари ташкил этилмоқда, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг, Фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш бўлими мутахассиси Муродилла Турдиев.– Мисол учун, Бухорор вилоятининг Қоракўл туманидаги “Жиғачи” маҳалласида 14 гектар ер 49 та фуқарога 30 сотихдан танлов асосида ажратилган. Маҳалладаги хонадонлар азалдан сабзавотчилик билан шуғуллангани учун аҳолида бу борада етарлича тажриба шаклланган. Мазкур маҳаллага “Бухоро алянс” экспортёр корхонаси буюртмачи сифатида бириктирилган. Айни кунда корхона етиштирилган маҳсулотни харид қилиш бўйича шартнома расмийлаштирмоқда. Ижара асосида ажратилган 14 гектар ерга помидорнинг лоджейн нави экилди. Корхона 30 сотих майдонга ўртача 8000 дона помидор кўчати етказиб берди. Помидор етиштириш учун 14,4 миллион сўм (экишга ер тайёрлаш, экиш, минерал ўғит, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва бошқа харажатлар) харажат қилинади. Ушбу майдондан ўртача 15 тонна помидор етиштириш ва тўлиқ сотиб олишга келишилди. Шунда хонадоннинг соф фойдаси 30,6 миллион сўмни ташкил қилади. 14 гектарга эса сентябрь ойида карам етиштириш мўлжалланган. Экспортёр корхона ҳар бир деҳқон хўжалигига ўртача 36 минг дона карам кўчати тарқатишга келишиб олди.

Қарор ижросини бажариш мақсадида амалга оширилаётган ишларни Наманган вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан жорий йилда вилоятда 6439 гектар экин майдони ажратиш режалаштирилган. Бунда “e-auksion” электрон савдо платформасига 6246 гектар майдон 51 минг 693 та лотга бўлиб жойлаштирилди. Ҳозирда ушбу лотларнинг 86 фоизи яъни 5 348 гектарнинг ғолиби аниқланди. Ҳозирда 4 957 гектар майдонга қишлоқ хўжалиги экинлари экилган.

Жумладан, Норин туманида 536 та фуқарога 54 гектар ер ажратиб берилди. “Темир дафтарида” турувчи Э.Турсунов, М. Антаев “Аёллар дафтарида” турувчи Д. Турдиева, Ў. Абдурашидовалар оиласига ажратилган 10 сотихли деҳқон хўжаликларида дуккакли экинлар парваришланмоқда. Бундан ижобий ўзгаришларни Уйчи туманида, Чуст, Чортоқ туманларида ҳам кузатиш мумкин.

Аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолига аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида амалга оширилаётган бу каби тадбирлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

https://uza.uz/uz/posts/bir-kontur-bir-mahsulot_371389

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram