Фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади
Қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб ойма-ой биржага чиқарилади.
Бунда июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади.
Мисол учун, август ойида 1 тонна ғалланинг биржа нархи 3,5 миллион сўм бўлса, фермерга яна 500 минг сўм тўлаб берилади. Бу мақсадларга жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.
Бундан ташқари:
– фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради;
– 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатларини давлат ўз зиммасига олади ва бунга 100 миллиард сўм ажратилади.
Агар фермер ва кластерлар томонидан етиштирган ортиқча ғалласини сотиш истаги бўлса, давлат ва хусусий дон корхоналарига шартнома асосида келишилган нархларда сотади.
“Барча ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олиши зарур. Нима учун биз фермерни биржага олиб чиқаяпмиз? Фермер биржага чиқиб, ўзи ғалласини мустақил сотса, унинг даромади ошади, ўз меҳнати натижасидан рози бўлади.
Келгусида давлат захирасига харид қилинадиган ғалла ҳам фақат биржадан сотиб олинади”, деди Президент йиғилишда.
Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда буғдой етиштирувчи фермер ва кластерларни биржадан рўйхатдан ўтказиш ҳамда брокерларни бириктириб, ўқитишни ташкил қилиш топширилди.
Бунда фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади.
Жорий йил жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилади. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаб кетиши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навони ўсиши ва тақчилликни олдини олиш бўйича “кунбай” назорат тизими жорий қилинади.
Бунинг учун Бош прокурор бошчилигида Республика штаби ташкил этилади. Ҳудудий штабларга вилоят ҳокимлари ва прокурорлари раҳбарлик қилади.
Йиғилишда ғалла қабул қилиш пунктлари сонини камайтириш ва кейинги йилдан бошлаб уларни хусусийлаштириш чора-тадбирлари белгиланди.
“Ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олишлари зарур. Буғдойнинг ҳақиқий эгаси бу – фермер ва кластерлар.
Шунинг учун, бундан буён туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади.
Бундан ташқари, биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди. Марҳамат, қайси ҳудуддаги корхона биржада ютиб олса, ҳеч қандай тўсиқларсиз ғаллани олиб кетиши мумкин”, деди Президент.
Бош прокурор, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари бу масалани шахсан назоратига олиб, фермерни норози қилган раҳбарларга қатъий чоралар кўриб бориши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
“Ўздонмаҳсулот” ўзи ҳам, 43 та корхонаси ҳам янги бозор шароитларида ишлашга ўрганиши шартлиги таъкидланди.
Бундан буён, “Ўздонмаҳсулот” корхоналари ҳам, хусусий корхоналар ҳам ун ишлаб чиқаришга буғдойни биржа орқали бозор нархида сотиб олиши белгиланди.
Уларга ғалла сотиб олишга айланма маблағ учун 800 миллиард сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилади.
Шу билан бирга, вилоят ҳокимлари замонавий, ихчам, энерготежамкор ун ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириши зарурлиги қайд этилди.
Кластер томонидан ғалла экиш учун янги ер майдонларини ўзлаштириш бўйича Бухоро тажрибасини барча ҳудудларда жорий қилиб, ғалла майдонларини кенгайтириш ва ҳосилдорликни ошириш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.
Вилоят ҳокимлари олдига чекка ва олис қишлоқларга ун ва ун маҳсулотларини етказиб бериш бўйича транспорт харажатларини қоплаб бериш тизимини йўлга қўйиш топширилди.
Йиғилишда ун ва ун маҳсулотларининг бозорда тақчиллигига йўл қўймаслик ва нархлар барқарорлигини таъминлашга вилоят ҳокимлари шахсан масъул ва жавобгар бўлиши таъкидланди.
Мутасаддиларга 1 августга қадар 20 та дон корхонасидаги давлат улушини савдога чиқариш, бир ой муддатда дон корхоналари қошида ташкил этилган нон цехлари ва савдо дўконларини хатловдан ўтказиб, савдога чиқариш топширилди.
“Вилоят ҳокимлари ва прокурорлари яхшилаб эшитиб олсин. Ўзгаришларни баҳона қилиб, жойларда ун ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтириб юбориш, нарх-навони асоссиз ўсишига йўл қўйишга “саботаж” деб, сиёсий баҳо берилади.
Шу боис, вилоят ҳокимлари ва прокурорлари дон корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш ҳажмларини сақлаб қолишга “боши билан” жавоб беради”, деди Президент.
Бу борада вилоят ҳокимлари, ички ишлар ва прокуратура органлари раҳбарларига ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, янги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қандай чоралар кўрилиши ва режалари бўйича тушунтириш бериш вазифаси қўйилди.