Бозорда гўшт нархини барқарор ушлаш мақсадида чорвачиликка субсидиялар ажратиляпти

Биргина Андижон вилоятида наслчилик тоифасидаги хўжаликлар сони 101 тага етказилди.

Бозорда гўшт маҳсулотларига доим талаб юқори. Боиси, у кундалик озиқ-овқат истеъмолининг асосий қисми бўлгани ҳолда, унинг таннархи ҳамёнбоп бўлишини мунтазам назорат қилиш талаб этилади. Мамлакатда чорвачилик қанча ривожланса, бу борадаги эҳтиёж ҳам сифатли қондирилади.

Президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори чорвачилик билан шуғулланаётган ва соҳага энди қадам қўйган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга катта замин яратиб берди.

Биргина Андижон мисолида кўрадиган бўлсак, бугунги кунда вилоятда жами 1 минг 222 та чорвачилик субъектлари фаолият юритиб келмоқда. Шундан, қорамолчилик йўналишида 558 та, қўй 63 та, эчкичиликда 10 та, йилқичиликда 7 та, паррандачиликда  83 та, балиқчиликда 457 та, асаларичиликда 23 та ва қуёнчиликда 6 та. Наслчилик тоифасидаги хўжаликлар сони 101 тага етказилди.

Ўтган 2021 йилда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 125 380 сўмлик 68 та лойиҳалар амалга оширилиб, четдан 3 825 бош қорамол ҳамда 780 бош қўй олиб келинди. Улар орасида гўшт йўналишида юқори маҳсулдорликка эга “Абердин-ангус”, ҳамда сут йўналишида “Голштин”, “Швиц”, ”Симментал” зотли қорамол зотлари ҳам бор.

Сутчилик йўналишида 4 минг 335 бошдан иборат 24 та, қўйчиликда 1 та 730 бош, қуёнчиликда 1 та 2 минг 500 бош наслчилик хўжаликлари  фаолияти ташкил этилди. Сутчилик йўналишида, Қўрғонтепа туманидаги “Оқ сув” фермер хўжалиги (425 бош), Избоскан туманидаги “Пойтуғ сут булоғи” МЧЖ (282 бош). Жами 115.3 минг бош сигир ва таналар сунъий уруғлантирилиб, зоти яхшиланган қорамоллар бош сони 61 фоизга етказилди.

Юқоридаги Президент қарори билан эндиликда, соҳа вакилларига субсидиялар берилаётгани тармоқни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, вилоятдаги 5 та чорвачилик субъектларига четдан олиб келинган ва ўзини наслчилик хўжаликларида ички етиштириб сотган 599 бош чорва моллари учун давлат бюджетидан 599 миллион сўм субсидия ажратилди. Шунингдек, 66 та чорвачилик субъектларига ўз хўжаликларида чорвачилик маҳсулотларини етиштириб, реализация қилганлиги ҳисобига 2 426,3 миллион сўм субсидия маблағлари ажратиб берилди.

Бунинг натижасида 2021 йил якуни бўйича барча тоифа хўжаликларида қорамоллар бош сони 1 миллион 103 минг 426 бошга, қўй ва эчкилар 1 миллион 490 минг 830 бошга, паррандалар 8 миллион 514 минг бошга етказилди. Гўшт, сут, тухум, балиқ, асал етиштириш ҳажмлари олдинги йилларга нисбатан ошишига эришилди.

Вилоятда 14,6 минг гектар чорва учун ажратилган ер майдонларида ва ғалладан бўшаган 4,8 минг гектар майдонда озуқабоп экинлар етиштирилди.

Чорвачилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Асака туманидаги “Расулов олтин сабзавоти” фермер хўжалигининг 30 бош наслли қорамолларга 60 миллион сўм, Андижон туманидаги “Мухаммадризо чорваси” фермер хўжалигининг 64 бош наслли қорамолларга 128 миллион сўм ва Андижон туманидаги “Сохибқирон барака инвест” МЧЖнинг 47 бош наслли қорамолларга 94 миллион сўм субсидия ажратиб берилди. Вилоят бўйича 44 та фермер хўжалик хамда МЧЖларга жами 1 минг 829 бош қорамолларга 3 миллиард 658 миллион сўм субсидия маблағлар ажратилди.

Бундан ташқари, қарорга асосан, 66 та хўжаликка 2 426 миллион сўм субсидия ажратиб берилди. Шундан 39 та хўжаликка 6 805 085 литр сут учун 1 361 миллион сўм, 9 та хўжаликка 68 минг 687 кг гўштга 137 миллион 374 минг сўм, 2 та хўжаликка 406 208 кг парранда гўштга 406 миллион 208 минг сўм, 4 та хўжаликка 8 миллион 379 810 дона тухумга 418 миллион 991 минг сўм ҳамда 2 та хўжаликка 102 740 кг балиқ махсулотига 102 миллион 740 минг сўм субсидия ажратиб берилди.

Фарҳод НАБИЖОНОВ,

Андижон вилояти фермер дехқон хўжаликлари
 ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси

https://yuz.uz/news/bozorda-gosht-narxini-barqaror-ushlash-maqsadida-chorvachilikka-subsidiyalar-ajratilyapti-

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram